Жаҳон | 22:49 / 14.05.2020
3750
2 дақиқада ўқилади

Трамп Huawei’га қарши киритилган санкцияларни бир йилга узайтирди

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ компанияларига мамлакат миллий хавфсизлигига хавф солувчи телекоммуникация компаниялари билан ҳамкорлик қилишни тақиқловчи фармон амал қилишини 2021 йил май ойигача узайтирди. 

Фото: REUTERS

The Verge нашрининг хабар беришича, Трампнинг фармонида қайси компаниялар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланиши кўрсатилмаган, бироқ гап биринчи навбатда Хитойнинг санкциялар остига тушган ZTE ва Huawei компаниялари ҳақида бормоқда. Жумладан, ушбу компаниялар АҚШда ўз қурилмаларини сота олмайди ва АҚШ компаниялари билан иш олиб боролмайди.  

2019 йил майида АҚШ савдо вазирлиги Huawei’ни ва у билан боғлиқ 70 та компанияни АҚШ ҳукумати рухсатисиз АҚШ компанияларидан қурилма ва технологиялар олиши тақиқланган компаниялар рўйхатига киритган. Шу сабабли Huawei билан Google, Qualcomm, Intel, Broadcom ва Xilinx каби компаниялар ҳамкорлик қилишни тўхтатганди.

Бир неча кундан кейин АҚШ савдо вазирлиги Huawei’га 3 ойлик вақтинчалик лицензия берган. Бу лицензия Хитой компаниясига АҚШ ишлаб чиқарувчиларидан қурилма сотиб олиш, смартфонларидаги дастурларни янгилаш ва ўз телекоммуникация қурилмалари ишлашини таъминлаш имконини берган. АҚШ ҳукумати шу кунгача ушбу лицензиянинг амал қилишини узайтириб келган, бироқ лицензиянинг муддати 15 май куни тугайди ва унинг навбатдаги узайтирилиши ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. 

Мавзуга оид