Жаҳон | 20:43 / 14.05.2020
15179
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитой билан муносабатлар тўлиқ тўхтатилиши мумкинлигини айтди

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой билан муаммолар бўлса, у билан муносабатлар тўлиқ тўхтатилиши мумкинлигини айтди.

Фото: EPA-EFE

“Бунда кўп нарса қилиш мумкин. Мисол учун, муносабатларни тўлиқ тўхтатиш мумкин”, деб айтган Трамп Fox Business телеканалига интервьюсида. Унинг фикрича, бундай қадам АҚШга 500 млрд доллар тежашга имкон берган бўларди.

Трамп коронавирус билан боғлиқ жорий вазиятда Хитой раиси Си Цзиньпин билан гаплашишни истамаётганини айтган. “Мен у билан яхши муносабатдаман, бироқ ҳозир у билан гаплашишни истамайман”, деб айтган АҚШ президенти. 

Трамп Вашингтон Пекиндан коронавирус муаммосини ўрганишни илтимос қилганини, бироқ рад жавоби олгани, Хитой ҳукумати бу масалада АҚШ ёрдамини қабул қилишни истамаганига эътибор қаратган. 

“Хитойдан ҳафсалам қолди”, деб айтган Трамп.

У Хитой коронавирусни ўз ҳудудида тўхтатиши кераклигини яна бир бор таъкидлаб ўтган.

“Бизда кўп маълумот бор ва унинг бир қисми ёқимсиздир. Бироқ ҳаммасидан ёмони, бу вирус лабораториядан тушганми ёки кўршапалакларданми, у барибир Хитойдан ёйилган ва улар вирусни тўхтатишлари керак эди. Улар вирусни тарқалиш ўчоғидаёқ тўхтатишлари лозим эди”, деб таъкидлаб ўтган Трамп.

Трамп бошловчининг Хитой гўёки атайлаб вирусни хорижга ёйишга қарор қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларига буни билмаслигини, “бироқ Хитой бунга йўл қўйганини” айтган.

АҚШ ҳозирда коронавируснинг келиб чиқиши бўйича тергов олиб бормоқда. 

Аввалроқ АҚШ президенти Хитой коронавирус тарқалиши сабабларининг тергов қилиниши бўйича ҳамкорлик қилмаса, унга нисбатан санкциялар киритиш вариантини кўриб чиқаётганини айтганди.

Мавзуга оид