Жаҳон | 10:11 / 15.05.2020
8722
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сенатор коронавирус ҳақидаги маълумотлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишда гумон қилинмоқда

Ички маълумотлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишда гумон қилинаётган америкалик сенатор, сенатнинг разведка бўйича қўмитаси раиси Ричард Берр ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди.

Фото: REUTERS

Бу ҳақда сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл маълум қилди. 

Сенатнинг разведка бўйича қўмитаси бошлиғи ва коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида маълумотлардан хабардор бўлган Берр февраль ойида бир нечта йирик компанияларнинг ўзига тегишли юз минглаб долларлик акцияларини сотиб юборган. Кейинроқ АҚШ адлия вазири, ФҚБ ва қимматбаҳо қоғозлар бўйича давлат комиссияси (SEC) сиёсатчининг бу ҳаракатлари бўйича тергов бошлаган. 

“Сенатор Берр мен билан боғланиб, тергов ўтказилиши вақтига разведка бўйича қўмита раиси лавозимидан кетишга қарор қилганини маълум қилди. Биз у билан бу қарор қўмита манфаатларига мослиги борасидаги тўхтамга келдик”, деб айтган Макконнелл.
 
ProPublica нашрининг аниқлашича, Берр 13 февралдан бошлаб ўзига ва рафиқасига тегишли 688 минг доллардан 1,72 млн долларгача баҳоланувчи акцияларни сота бошлаган. Акциялар 33 та алоҳида келишув давомида сотилган. 

Конгресс аъзоларига инсайдерлик савдоси билан шуғулланиш тақиқланган. Бу тақиқлов 2012 йилда Барак Обама маъмурияти вақтида қабул қилинган “Конгресс билимлари асосида савдони тўхтатиш” (STOCK) қонуни билан қабул қилинган. Берр ўшанда бу қонунга қарши овоз берган уч сенатордан бири бўлган.

Беррнинг лавозими унга АҚШ махсус хизматлари тақдим қиладиган ўта махфий маълумотларни олиш имконини берган. Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, февралда АҚШ разведка хизматлари сенаторларга коронавируснинг хавфи ва унинг тарқалиши тезлиги ҳақида ҳар кун ҳисобот бериб келишган. 

Февраль ўрталарида АҚШ фонд биржаси тарихий максимумларга яқин бўлган. Бироқ Берр ўз акцияларини сотиб бўлгандан бир ҳафта ўтгач, март ойи бошида биржа фалокатли қулашни бошдан кечирган.

Мавзуга оид