Жаҳон | 12:51 / 17.05.2020
34314
2 дақиқада ўқилади

Барак Обама Трамп бошқарувини танқид қилди

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама АҚШнинг ҳозирги раҳбариятининг ишлаш усулларини танқид қилди ва америкалик ёшларни фаол жамоатчилик позициясини эгаллашга чақирди.

Фото: Kevin Lamarque/Reuters

АҚШнинг 44-президенти фикрича, коронавирус пандемияси амалдаги раҳбариятнинг ўз ҳаракатлари оқибатларини англамаслигини аён қилди. У бу ҳақида АҚШ мактабларининг юқори синфлари битирувчиларига йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтди. 

«Бу пандемия кўплаб раҳбарлар нима қилаётганларини билишлари ҳақидаги тасаввурларни бошқа нарсадан кўра кўпроқ тўлиқ ва батамом йўққа чиқарди. Бу раҳбарлардан аксарияти ҳаттоки нимадир учун жавобгардек бўлиб кўринишга ҳам уринмайдилар», деб таъкидлаб ўтган Обама.

У шу тариқа АҚШ раҳбариятининг «бир зумлик фойда кўриш» каби ишлаш усулларини ва бу ёндашувни қўллаб-қувватламайдиганларга беписанд муносабатда бўлишини танқид остига олган.

Жумладан, собиқ президент мамлакатда иқтисодий ва ирқий тенгсизлик билан боғлиқ вазиятлар ёмонлашганини таъкидлаб ўтган.

Шу сабабли Обама ўз нутқида ёшларни фаол жамоатчилик позициясини эгаллашга чақирган.

The New York Times нашри Обаманинг бу мурожаатини ноябрдаги сайловлар олдидан АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятига «ҳамла» деб баҳолаган. Таъкидланишича, Обама 2017 йил январда президент ваколатлари тугагандан кейин ҳозирги кунгача умуман олганда Трампни очиқчасига танқид қилишдан тийилган. 

Аввалроқ Обама Трамп маъмуриятининг коронавирус пандемиясига муносабатини фалокат деб атаганди. Унинг таъкидлашича, жорий маъмуриятнинг бу муносабати глобал инқироз вақтида мамлакатга кучли давлат раҳбарияти кераклигига эслатма бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид