Шу йил 28 февралда бошланган АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳозирча ўз ниҳоясига етгандек кўринмоқда. Ҳали бери Яқин Шарқ минтақасида мустаҳкам тинчлик бўлмайди, чунки Исроил ўз агрессивлигини қўймайди, у ўз хавфсизлигини мутлақлаштиришда давом этади – демак, қолган давлатларга ҳарбий босим сақланиб қолаверади, Фаластин давлати ҳали йўқ, Эрон–Исроил, Исроил–араб давлатлари ва бошқа зиддиятлар сақланиб қолаверади. Бироқ Трамп ва Нетаняҳунинг 28 февралда бошлаган уруши, ҳозирча, ўзининг мантиқий якунига етмоқда.

Мантиқий якуни деганда, Трамп оғир танлов қаршисида қолган эди: ёки бошида эълон қилинган мақсадларга эришиш учун катта уруш қилиш (унда бундай ҳоҳиш, ресурс ва мандат йўқ эди), ёки Ҳўрмуз бўғозини ёпиб турган Эрон билан тезроқ келишувга эришиш ва масалани ҳозирча ёпиш.

Трамп иккинчи йўлни танлади. Эрон билан музокаралар чоғида, кейинги бир-икки ой мобайнида Трамп Нетаняҳуни ҳатто музокаралар жараёнига ҳам яқин йўлатмади. Исроил музокаралар ҳақида фақат матбуотдан, ўзининг каналларидан билди холос.

Доналд Трамп ўз номзодлигини АҚШ президентлигига кўрсатганда, у демократларни танқид қилишдаги энг асосий нуқталардан бири сифатида Барак Обаманинг Эрон билан келишувларини танлаганди. Трамп йиллар давомида: “Обама Эрон билан жуда заиф келишув тузди, бу келишув АҚШ фойдасига эмас, мен президент бўлсам, бу келишувдан чиқиб кетаман, Эрон билан бошқа, жуда кучли келишувга эришаман” дея гапириб келди. Унинг бу қарашлари, табиийки, Исроилга ва Нетаняҳуга жуда ёқарди.

АҚШнинг Эрон ядро дастури бўйича музокаралар 2005 йилдаёқ бошланган эди. Обама президентлиги даврида, 2015 йил апрел ойида АҚШ, Франция, Британия, Германия, Россия, Хитой, Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Биргаликда кенг қамровли ҳаракатлар режаси” имзоланди. Келишувга кўра:

  • Эронда бойитилган ураннинг аксарият қисми четга олиб чиқилади;

  • Эроннинг бирон бир ядро объекти демонтаж қилинмайди;

  • АЭХА Эрондаги барча ядро объектлари устидан 15 йил давомида узлуксиз назорат қилиб, атом дастури фақат тинчлик йўлида эканини текшириш ҳуқуқига эга бўлади;

  • АҚШ, Евроиттифоқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкциялари ечилади.

Бироқ Обаманинг Эрон билан келишувлари минтақадаги икки давлат томонидан жуда салбий қабул қилинган эди, бу – Исроил ва Саудия Арабистони. Нетаняҳу Обаманинг Эрон билан келишувларини бузиш учун жуда катта сиёсий кампания олиб борган эди. Эрон билан келишувлар 2015 йилнинг апрелида имзоланган бўлса, шундай икки ой олдинроқ, март ойида Нетаняҳу АҚШга сафар қилади. Сафари чоғида Обама билан учрашмайди (учрашишни Обама рад этган), аксинча, президентга мухолифатдаги республикачилар таклифи билан, АҚШ Конгрессида катта чиқиш қилади. У ўз чиқишида мазмунан “Эрон – террорчи давлат, унинг қўлида ядро қуроли бўлса, нафақат Исроилга, балки АҚШ ва бутун дунёга катта хавф пайдо бўлади” деган фикрни сингдиришга уринади. Ўшанда 50 дан ортиқ демократ конгрессмен Нетаняҳунинг чиқишини бойкот қилиб, залдан чиқиб кетган.