Пандемия давридан ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан нисбатан кам талафотлар кўриб чиқиш билан биргаликда, кейинги йиллар учун самарали ҳисобланган тизим яратиш, энг муҳим соҳаларни қутқариб қолишга уриниш талаб этилади. Нисбий афзалликлар ҳақида гап кетганда, табиий равишда, мамлакат иқтисодиёти айланмасида катта рол ўйнамайдиган кўнгилочар, спорт, турли жамоавий тадбирларга қилинадиган харажатларда чеклашлар юзага келиши табиий ва кутилган ҳолат.
Шу билан бирга, нисбатан зарур ҳисобланган баъзи соҳалар борки, бу тармоқлар узоқ келажакда давлатга тушадиган юкни қисман ўз зиммасига олади. Аммо бунинг учун, бугунги кунда, яқин келажакда уларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш шарт.
Мисол учун, умумий ўрта таълим барча учун мажбурий бўлиб, бу соҳани юз фоиз давлат ўз зиммасига олган. Бу эса, бюджет харажатларининг сезиларли қисмини ташкил қилади. Аслини олганда, Ўзбекистон шароитида давлат бу соҳани тўлиқ ўз бўйнига олиши бироз нотўғри — биринчидан, юқорида айтилганидек, у қадар фаровон даражада эмасмиз, иккинчидан эса, ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам таълим тизими қисман хусусий мактабларга юклатилади. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ота-оналар ўз фарзандларини хусусий мактабларда ўз маблағлари ҳисобидан ўқитишлари туфайли, давлатга енгиллик тақдим этадилар.
Бу соҳа сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам ривожланиб келаётганини пайқаш қийин эмасди. Пойтахтда, вилоят марказларида, шаҳарларда хусусий ўрта таълим мактаблари фаолият олиб боришни бошлашди. Бюджет мактабларига нисбатан олганда, сифатлироқ таълим ва инфратузилма таклиф қилаётган бу хусусий мактабларнинг ойлик нархлари минимал 200–300 минг сўмдан бошлаб, бир неча миллионгача етиб боради. Ота-оналар ўз молиявий имкониятларига қараб, у ёки бу хусусий мактабга фарзандларини бериб, бюджет мактабларига тушиши керак бўлган оғирликни камайтириб келишаётганди.
Яъни, ота фарзандини пуллик таълимга бериб, ўз ҳисобидан ўқитади. Аслида, бюджет мактаблари ҳам бепул таълим эмас, уларни молиялаштирадиган бюджет ўша ота-оналарнинг, айтайлик, тўлаган солиқларидан ташкил топишини унутмаслик керак. Яъни, ота боласини ўқитиш учун пулни солиқ орқали давлатга тўлаб бўлган. Аммо шундай бўлса-да, у сифатли таълим учун яна алоҳида тўловни амалга оширади ва фарзандини хусусий мактабга беради.
Бу тизимнинг фойдалари кўп: биринчидан, болаларни ўқитиш учун етарли ўрин ва шароит яратиши керак бўлган давлат қисман юкдан халос бўлади. Иккинчидан, ўқитувчиларнинг маоши айнан ота-оналар пулларидан ҳосил бўлгани сабабли, бюджет уларга маош тўлашдан ҳам қутулади. Учинчидан, қўшимча иқтисодиёт яратилиб, хусусий мактаблар ўқитиш учун давлатдан пул олиш ўрнига, аксинча, солиқлар шаклида, давлатга пул ҳам тўлашади. Тўртинчидан, бюджет мактабларига қўшимча рақобат ҳосил бўлиб, турли маъмурий тўсиқлар йўқолади, таълим сифати ошиб боради. Яна бир қанча санаш мумкин, хуллас, хусусий таълимнинг мамлакатимизга ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий томондан яхши самара келтириши шубҳасиз.











