22:18 / 19.05.2020
4759

Дунё давлатларининг пандемияга қарши чораларини тергов қилиш бўйича резолюция қабул қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 73-сессияси иштирокчилари турли давлатлар коронавирус пандемиясига жавобан қандай чоралар қабул қилганларини текшириш кераклиги айтилган резолюцияни қўллаб-қувватлашди.  

Фото: Getty Images

Резолюция пандемияга халқаро жавобнинг иложи борича тезроқ “холис, мустақил ва ҳар томонлама баҳоланиши” ўтказилиши лозимлигига ва “коронавирус пандемиясига қарши амалга оширилган халқаро саъй-ҳаракатлар доирасида олинган сабоқларни ўрганишга” чақиради. Бироқ ҳужжатда Хитой ёдга олинмаган ва вируснинг келиб чиқишини аниқлашга чорлов йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо 194 та давлат, жумладан АҚШ резолюцияга қаршилик билдирмаган. Ҳужжат кўриб чиқиш учун Европа иттифоқи томонидан 100 дан кўпроқ давлат қўллаб-қувватловида киритилган.

“Ҳеч қандай эътироз йўқ, коронавирус бўйича резолюция қабул қилинди”, деб айтган 73-сессия президенти Кева Баин.

Ўз навбатида, вируснинг бутун дунёга тарқалишида айбланаётган Хитой тергов ўтказилишини маъқуллаган, бироқ буни пандемия тугагач амалга ошириш кераклигини айтган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top