ДХХ қарийб 65 кг гиёҳванд моддани мусодара қилди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бир тадбирнинг ўзида сал кам 62 кг гиёҳванд модданинг мамлакат ҳудудига кириб келиши ҳолати аниқланган.
Хабар қилинишича, Тожикистон Республикасидан катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси контрабанда йўли билан олиб ўтилиб, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг «Сарижар» маҳалласи ҳудудига яшириб қўйилгани ҳақида олинган маълумот асосида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тезкор тадбир ўтказилган ва воқеа жойидан 61 кг 838 гр гашиш гиёҳвандлик моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур гиёҳванд модданинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, хизматнинг Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган фуқаро А.С. бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан 1,5 кг гашиш гиёҳвандлик моддаси топилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Қирғизистон Республикасида яшовчи «Акром» исмли шахс ушбу гиёҳванд моддани айланма йўллар орқали Янгиқўрғон туманига олиб ўтиб, уни А.С.га етказиш учун мазкур туманнинг «Оқтом» маҳалласида яшовчи, 1972 й.т. Б.К.га топширган. Ўз навбатида Б.К. оғуни вилоят марказида кутиб турган А.С.га етказиб беради. Тезкор тадбир давомида Б.К. ҳам воқеа жойида ушланган.
Шунингдек, Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1991 й.т. У.С. Қирғизистон билан чегараолди ҳудуд ҳисобланган «Ёғду» маҳалласида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнидан 278 гр. гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда 1000 АҚШ доллари топилган.
Аниқланишича, У.С. мазкур гиёҳвандлик моддасини қирғизистонлик «Бахт» исмли шахсдан олиб, контрабанда йўли билан республика ҳудудига олиб кирган.
Хизматнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи 1987 й.т. А.Ў. бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Ғузор туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, автомобилнинг мотор қисмига яшириб қўйилган 506 гр. гашиш ҳамда 236 гр. опий гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида олинган.
Аниқланишича, А.Ў. ушбу гиёҳванд моддаларни Тожикистон Республикасида яшовчи «Хуршид» исмли шахсдан 4500 АҚШ долларига сотиб олиб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтказган ва уни келгусида сотиш мақсадида Қарши шаҳрига олиб кетаётган бўлган.
Бундан ташқари, Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи фуқаролар 1991 й.т. А.И., 1998 й.т. С.Қ. ва 2002 й.т. А.Ў. мазкур туманнинг «Уйғур» қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги сим тўсиқлари устидан қирғизистонлик шахслар томонидан улоқтирилган 479 гр. гашиш гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олишган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ўтказилган барча тезкор тадбирлар давомида жами 64 кг 600 гр. гашиш ва 236 гр. опий гиёҳванд моддалари мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
17:42 / 05.11.2024
Тошкент вилоятида МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди
17:25 / 04.11.2024
Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида беш нафар адвокат қўлга олинди
12:21 / 11.10.2024