Жаҳон | 00:13 / 20.05.2020
27551
2 дақиқада ўқилади

«Касалхоналардаги 18 минг беморнинг аҳволи оғир» – Собянин Москвадаги вазиятга баҳо берди

Москва мэри Сергей Собянин «Россия 1» телеканали эфирида шаҳардаги коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича вазиятни баҳолади.

Фото: GAVRIIL GRIGOROV/TASS

Унинг сўзларига кўра, келаси ҳафта охирида Москвадаги чекловларни юмшатиш бўйича қарор қабул қилинади. У 25 майдан кўп функционалли марказ очилишини айтди. Собянин шунингдек, сартарошхона ва гўзаллик салонлари яқин вақт ичида очилмаслигини қайд этди.

«Касаллик тарқалиши, касалхоналарнинг тўлиб кетиши билан боғлиқ ҳолатни кўриш керак. Коронавирусни енгдик деб айтиш масъулиятсизлик бўлади», — деди у

19 май куни Москвада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 3545та янги ҳолат қайд этилди. Пойтахтда касалликка чалинганлар сони 149 607 нафар бўлиб, 31 496 киши соғайган, 1651 киши вафот этган. Собянин Москвадаги касалхоналарда 18 минг нафар оғир аҳволда ётган бемор борлигини айтди.

Шаҳарда қачондан фарзанди билан сайр қилиш ёки кўчада спорт билан шуғулланишга рухсат берилиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга у: «Коронавирусдан ўлимлар сони камайганини кўрганимизда. Касалхоналардаги оғир аҳволда ётган беморлар сони озайганида. Ҳар куни минглаб эмас, ўнлаб ёки юзлаб янги беморларни аниқлаганимизда», деб жавоб қайтарди.

Россия президенти Владимир Путиннинг қарорига кўра, карантин чораларини юмшатиш ёки кучайтириш борасида ҳар бир регион раҳбари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ўзи қарор чиқаради

18 май куни коронавирусдан тузалиб ишга қайтган бош вазир Михаил Мишустин 27та регион чеклов чораларини юмшатишга тайёр эканлигини айтди. Аммо у булар қайси регионлар эканлигига аниқлик киритмади.

Охирги маълумотларга кўра, Россия бўйича коронавирус юқтирганлар сони салкам 300 мингга етган, 2,8 мингдан ортиқ киши вафот этган, 76,1 минг киши соғайган.

Мавзуга оид