Ўзбекистон | 20:10 / 20.05.2020
21587
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёз етиштирган деҳқонлар муаммосини ҳал этиш устида ишлаётганини маълум қилди

2020 йил Ўзбекистонда ўтган йилгига қараганда 1,5 баробар кўп пиёз етиштирилди.

Фото: Livejournal

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сурхондарё вилоятининг Денов туманида пиёз етиштирган деҳқонлар тўғрисида Kun.uz эълон қилган мақолага муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, вазирлик деҳқон Иброҳим Ёқубов билан мулоқот ташкил қилиб, унинг муаммоларини ўрганиб чиққан.

Деҳқон 25 сотих томорқасида етиштирган 30 тонна пиёзи бозорга чиқариш учун тайёр ҳолга келгани, аммо харидорлар – экспортёрлар ва улгуржи сотувчилар маҳсулотнинг килосини 500 сўмдан баҳолаганини айтган.

Иброҳим Ёқубов кўп миқдорда пиёз етиштириш учун 21 млн сўм харажат қилгани, таклиф этилаётган суммада ҳосилни сотган тақдирда 6 млн сўм зарар кўриши, бу нарх сарф-харажат ва меҳнатини қопламаслигини таъкидлаган.

Вазирлик изоҳига кўра, ўтган йили Европадаги қурғоқчилик сабабли Ўзбекистондаги тадбиркорлар Польша, Украина, Германия каби давлатларга юқори қийматда пиёз сотишга муваффақ бўлган эди.

«Юзага келган ҳолатлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди ва Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлигига масаланинг тезкор ечими юзасидан мурожаат юборилди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 14 май ҳолатига кўра, республикада 150 минг тоннадан ортиқ экспортбоп пиёз етиштирилган бўлиб, у ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўпни ташкил этмоқда.

«Сурхондарё вилоятида 132 минг тоннадан ортиқ пиёз маҳсулоти сотувга тайёр ва уларнинг 20 минг тоннага яқини ички бозор талабидан ошиқроқ бўлган. Бундан ташқари 15 минг тоннага яқин пиёз яқин кунларда пишиб етилиши кутилмоқда.

Бундай ҳолатда маҳсулотнинг таннархи килограмига 1000 сўм бўлишига қарамасдан, ялпи териб олиш нархи килограмига 1500дан 500 сўмгача пасайиши мумкин. Уни сақлаш харажатлари таннархидан юқори бўлган маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини зудлик билан экспорт қилиш ва бунинг учун зарурий чоралар кўрилишини талаб этади», – дейилади расмий ахборотда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларни инобатга олиб, қуйидаги ишлар қилинаётганини таъкидлаган:

– Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги билан тайёр маҳсулотларнинг тижорат таклифларини тайёрлаш;

– Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар билан хорижий ҳамкорларни излаш;

– Транспорт вазирлиги билан темир йўл орқали ташиш учун вагонларни тайёрлаш.

Мавзуга оид