Жаҳон | 21:56 / 20.05.2020
13050
2 дақиқада ўқилади

Хитой нарх арзонлашганидан фойдаланиб рекорд ҳажмда нефть сотиб олди

Хитой нефть нархи пастлигидан фойдаланиб, “қора олтин”ни рекорд ҳажмларда сотиб олмоқда. Таъкидланишича, айни вақтда Хитой портларига нефть ортилган 117 та супертанкер йўналмоқда.

Бу ҳақда танкерлар ҳаракатланишини қайд қилувчи компания маълумотларига асосланиб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, ҳозирда Хитой портлари томон ҳар бирига 2 млн баррелдан нефть ортилган 117 супертанкер йўл олмоқда. Улар Хитой соҳилларигача май-август ойларида етиб бориб, умумий ҳисобда 230 млн баррель нефть етказади. Тахмин қилинишича, ушбу нефтнинг катта қисми Хитой томонидан нефт қазиб олиш ҳажми ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани ва нефть сақловчи омборлар тақчиллиги юзага келгани сабабли WTI нефти нархи тарихда илк бор ноль қийматдан тушиб кетган апрель ойида сотиб олинган.

Таъкидланишича, Хитой нефтни геосиёсий мақсадда ва нарх сиёсатидан келиб чиқиб харид қилмоқда. Апрелнинг иккинчи ярмида эса бунинг учун идеал шароит юзага келган.

Bloomberg’нинг таъкидлашича, нефть ташиш учун тарихда илк бор бундай кўп сонда танкерлар жалб қилинган.

Экспертларнинг таъкидлашича, Хитойга нефть етказилиши ҳажмининг ортиши аксарият давлатлар коронавирус сабабли киритилган чекловларни енгиллаштиришни ўйлаётган бир вақтда Хитой иқтисодиёти секин-аста тикланаётганидан яна бир бор дарак беради. 

Мавзуга оид