17:31 / 21.05.2020
8733

«Ўн йилдан бери уй ололмаётгандик» – Андижонда уй-жойга муҳтож шахсга биринчи субсидия берилди

Ҳукумат қарори билан даромади юқори бўлмаган, уй-жойга муҳтож оилалар, оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, фаол ёшларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар тўлаш тартиби белгиланган эди. Андижон вилоятида республикада биринчилардан бўлиб уй-жойга муҳтож шахсга уй-жой сотиб олиш учун субсидия берилди.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи Асқаржон Тошматов 200 миллион сўмгача бўлган нархдаги уй сотиб олиш учун субсидия ажратилган.

“Президент фармонига асосан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланган. Шунга асосан Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия олиш учун аризаларни қабул қилиш ишлари 1 мартдан бошланган бўлиб, шу кунга қадар Андижон вилояти бўйича субсидия олиш истагида 125 нафар фуқаро ҳужжат топширган. Айни пайтда уларнинг ҳужжатлари туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган тегишли комиссиялари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Избоскан туман ҳокимлиги қошидаги ташкил этилган банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакилларидан иборат комиссия томонидан фуқаро Тошматовнинг аризаси кўриб чиқилди ва республикада биринчилардан бўлиб уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди”, дейилади ДХА Андижон вилояти бошқармаси тарқатган хабарда.

Асқаржон Тошматовнинг айтишича, ўн йилдан бери бир хонадонда учта оила яшаб келишган. Бироқ уй олиб чиқиб кетиш учун даромадлари етарли бўлмаган.

Қайд этилишича, 2020 йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ субсидия учун ажратилиши режалаштирилган. Республика бўйича 16 мингта оилага уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар берилиши кўзда тутилган.

Top