Таҳлиллар 9 майгача бўлган даврда олинган сунъий йўлдош тасвирлари, радар сенсорлари ва очиқ маълумотларга асосланган.

12 саҳифадан иборат, рус тилида тақдим этилган бирламчи ҳисобот билан researchgate.net сайтида танишиш мумкин (pdf).

BBC ўзбек хизмати тадқиқот муаллифлари – Санжай Гири ва Геннадий Дончиц билан интервью ташкил этди. Kun.uz интервьюда экспертлар қайд этган айрим фикрларни келтириб ўтади.

Геннадий Дончиц (чапда) ва Санжай Гири (ўнгда)

ФВВ бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов аҳолини хавфдан огоҳлантириш тизими бўлмагани ва бу жуда қиммат туришини айтди. Бундай тўғонда ўзи эрта огоҳлантириш тизими бўлиши керакми?

Санжай Гири: Ҳа, албатта, бўлиши керак. Ва у унчалик қиммат эмас. Ҳамма гап ҳаво шароитларини башорат қилишда. Гидрометреологик тизимлар билан бирга ишланади ва кучли ёмғир ёғса, хавф ўлчанади.

Шунинг учун ҳам биз бир неча бор огоҳлантирганмиз: гидрометеорологик мониторинг тизимини яхшилаш керак, деганмиз. Бу каби кучли ёмғир ва шамолни 2-3 кун олдин башорат қилса бўлади. Шунинг асосида 2-3 кун олдин, масалан, омбордан сувни чиқаришни бошласа бўлади.

Бугунги замонда буни қилиш жуда осон ва у қиммат эмас. Масалан, биз Ҳиндистондаги тўғонга шундай тизимни ўрнатдик. Тизим ҳар соатда сув омборининг сатҳини ўлчаб туради.