Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати Рамазон ойи муносабати билан қабул қилган қарорида закот ва фитр садақаларини идора ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамига ўтказишни тавсия қилди. Шу муносабат билан «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар домла Халилов билан учрашдик.

Вақф ўзи нима?

«Вақф» сўзи луғатда «кутиб туриш, сақлаб туришлик» деган маъноларни англатади, яъни вақф қилинган нарса сотилмайди, мерос қилиб қолдирилмайди. Истилоҳда эса аслни ушлаб туриб, фойдасини кишиларга эҳсон қилишга вақф деб айтилади.

Вақф билан инсон Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилади ва шу аснода Аллоҳ розилигига эришишга ҳаракат қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аслини тутиб тургин, самарасини эҳсон қилгин», деб марҳамат қилганлар.

Исломда вақфнинг ҳукми қандай? Унинг далиллари нималардан иборат?

Аллоҳ Қуръонда марҳамат қиладики: «Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунларингизга қадар яхшиликка, жаннатга ета олмайсизлар».

Бу ҳақида Қуръони каримда кўп оят ва далиллар келтирилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: «Инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. 3та нарсанинг савоби етиб туради. Биринчиси – садақаи жория, иккинчиси – фойда берадиган илм, учинчиси – дуо қиладиган солиҳ фарзанд».

Биламизки, шу садақаи жория савоби доим инсонга етиб турадиган ажр ҳисобланади. Шариатимиз вақфнинг ҳукмларини, асосларини шу оят ва ҳадислардан истиҳбод қилиб чиқариб олган.

Усмон розияллоҳу анҳу қудуқни сотиб олиб, Аллоҳнинг йўлига вақф қилганлар. Ҳозир ҳам Мадинада шу қудуқ бор ва ундан кўп йиллар давомида мусулмонлар манфаатдор бўлган.

Савоби доимий бориб турадиган нарсага садақаи жория дейилади. Вақф мана шу каби далиллардан олинган.

«Вақф» хайрия жамоат фондининг вазифалари нималардан иборат?

Фонд ўз олдига бир қанча мақсадларни қўйган. Диний таълим муассасалари, толиби илмлар, устозлар, имом-хатиблар, ноиб-имомлар, масжидда ишлайдиган ходимлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, ногиронлиги бўлганлар ёки кам таъминланган кишиларга ёрдам бериш, масжид, мадрасаларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва диний-маърифий китобларни чоп этиш, ота-боболаримиз қолдирган меросларни халққа етказиш кабилар фонднинг вазифаларидир.