«Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Сўнгги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳамжиҳатликни, меҳр-мурувватни талаб қилади.
Ушбу жараёнга «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳам озми-кўпми ҳисса қўшмоқда. Фонд томонидан 16 март – 2 апрель кунлари ёрдамга муҳтож аҳоли вакиллари учун жами 190 миллион миллион сўмга яқин хайрия ёрдамлари етказилди.
Бунда хайриялар ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларининг пластик карта рақамларига (дори-дармон, даволаниш учун), эҳтиёжманд кишиларнинг уйларига эса озиқ-овқат маҳсулотлари шаклида, шунингдек, маҳалла ва аҳоли гавжум жойларда бепул ниқоблар кўринишида тарқатилди», деди Халилов Kun.uz мухбирига.

Фонд директори Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қон-у жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни бугунги синовли кунларда намойиш этиш палласи келгани, хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланганини таъкидлаб ўтган.
«Бу борада «Вақф» фонди коронавирусга қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун таъсис этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига асосий ҳисоб рақамидан 50 миллион маблағ сўм ўтказиб берди (закот, фитр-садақаси ва ижтимоий хайрия акцияларидан ташқари маблағлар).
Нима демоқчиман? – Ҳар биримиз синовлар аввало Аллоҳдан эканини англаган ҳолда ўзаро бирдам, сабр-у матонатли бўлиб, эзгу ишларни кўпайтирсак, хайрли дуолар қилсак, бошимизга келган мусибатдан тез орада эсон-омон ўтамиз, иншо Аллоҳ», дейди Искандар Халилов.


















