Жаҳон | 00:31 / 24.05.2020
11579
3 дақиқада ўқилади

Швецияда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи ортиб бормоқда

Ғарбдаги қатор мамлакатлар коронавирус устидан ғалаба қозонганини маълум қилаётган бир вақтда Швеция бу касалликдан ўлим даражаси бўйича етакчига айланди.

Фото: Sputnik / Alessandro Rota

Швеция ушбу ҳафтада жаҳон антирекордини янгилади. Мамлакатда етти кун ичида 1 млн кишига 6,08та ўлим тўғри келди — Швеция бу кўрсаткич бўйича АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларни ортда қолдирди. Аҳолиси ўн миллион бўлган мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 33 мингдан ошган, 4 мингга яқин киши вафот этган. Аҳоли жон бошига ўлим кўрсаткичи бўйича Швеция Франция, Италия, Испания ва Британиядан орқада. Аммо ташвишланарли жиҳати, коронавирусдан ўлим кўрсаткичи бўйича Швеция ён қўшнилари бўлган Дания, Финляндия ва Норвегиядан олти, ҳатто тўққиз баравар олдинда.

Эслатиб ўтамиз, Швецияда Европанинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда қатъий карантин жорий этилмаган, қаҳвахона ва ресторанлар, сартарошхоналар, савдо марказлари, болалар боғчалари ва мактаблар очиқ. Тўғри, март охирида 50дан ортиқ киши иштирокидаги тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Шунингдек, ҳукумат қариялар уйларига боришни тақиқлади ва талабаларни масофадан ўқишга ўтказди. Шведларга автомобилда уйидан икки соатликдан ортиқ масофага бормаслик тавсия қилинди. Бу қоидани бузганлик учун ҳеч қандай жарима белгиланмаган.

Коронавирусга қарши курашишнинг шведча модели асосчиларидан бири бош эпидемиолог Андерс Тегнелль ҳисобланади. У аввалроқ авиарейслар йўловчилари ниқоб тақишларида маъно йўқлигини айтганди (SAS авиакомпанияси ана шундай талабни жорий этганидан кейин).

2005-2014 йилларда Швеция бош эпидемиологи лавозимида фаолият кўрсатган Анника Линде эса бошқача фикрда.

«Швеция модели ҳар томонлама нооқилона бўлганини кўрамиз деб ўйлайман»,— деди у.

Икки ой аввал амалдорлар май ойида аҳолининг чорак қисми коронавирусдан иммунитетга эга бўлишига умид қилганди. Аммо апрель охирида ўтказилган тадқиқотда текширувдан ўтказилганларнинг атиги 7,3 фоизида антитаналар борлиги аниқланди. 

Шу билан бирга, Швеция ҳукуматининг ушбу сиёсати оқибатидан ўз аҳолиси жабр кўриши мумкин: қўшни Финляндия ва Норвегия эпидемиологик кўрсаткичлардан келиб чиқиб чегаралар очилганидан кейин ҳам швециялик туристларга киришни тақиқлашни муҳокама қилмоқда.

Экспертлар коронавирусга қарши курашнинг шведча модели самаралими ёки йўқми деган саволга аниқ жавоб беришга қийналмоқда. Улар йўқотишлар борасидаги аниқ хулосани келаси йили чиқариш мумкин, деган фикрда.

 

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид