Жаҳон | 01:07 / 24.05.2020
6919
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Эрдўған Ливия ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Икки давлат раҳбарлари шунингдек, коронавирус пандемияси тарқалиши сабабли киритилган чеклов чораларини юмшатиш масаласини муҳокама қилган.

Фото: AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқотида Сурия ҳамда Ливиядаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котибининг ўринбосари Жадд Дир Twitter саҳифасида маълум қилди.

"Икки мамлакат етакчилари минтақавий ва икки томонлама муҳим масалаларни муҳокама қилди. Президент Трамп яна бир бор Ливиядаги хорижий аралашув билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан ташвиш билдирди. Президент Трамп ва президент Эрдўған Суриядаги низонинг сиёсий барқарорлашуви ҳамда бутун мамлакатга гуманитар ёрдам тўсиқсиз бўлиши зарурлигини тасдиқлади", - дея қайд этди Дир.

Унинг қўшимча қилишича, давлат раҳбарлари коронавирус пандемияси тарқалиши сабабли киритилган чеклов чораларини юмшатиш масаласини муҳокама қилган.

Эрдўған март ойи бошида Суриянинг Идлиб вилоятидаги ҳарбий ҳаракатлар учун Трампдан қурол-яроғ сўраганди. Туркия 27 январда ушбу мамлакат ҳудудида ҳарбий операция бошлаган. АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Жеймс Жеффри Вашингтон Анқарага қурол-яроғ етказиб беришга тайёрлигини айтган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид