Спорт | 21:03 / 26.05.2020
22211
2 дақиқада ўқилади

Диёр Имомхўжаев ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ташкилотдаги ўзгаришларни расман тасдиқлади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

«Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Даврон Шоқурбонов жорий йил 25 май кунидан ўз аризасига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шу сабабли, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти А.Азизовнинг тақдимига биноан Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси томонидан бош директор вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди», - дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, Диёр Имомхўжаев 2017 йилдан буён ПФЛда фаолият юритиб келади. У даставвал ташкилот директори маслаҳатчиси, кейинчалик директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мутахассислиги бўйича журналист ҳисобланган Диёр Имомхўжаев «Futbol TV» телеканалида футбол ўйинларини шарҳлаб боради.

Мухлислар орасида «Спорт» телеканалида «Футбол шарҳи» кўрсатувидаги танқидий чиқишлари, «Соккер клуб» муаллифлик дастурида келишилган ўйинлар муаммосини кўтариб чиққани билан танилган. Диёр Имомхўжаев матбуотда ҳам фаолият юритиб, бир неча йил футбол нашрлари ва спорт сайтларида ўзбек футболи ҳақида мақолалар эълон қилиб келган.

Мавзуга оид