Жаҳон | 23:07 / 26.05.2020
8860
2 дақиқада ўқилади

Эронда Исроилга қаршилик кўрсатиш ҳақидаги қонун кучга кирди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг “душманона ҳаракатлари”га қаршилик кўрсатиш ҳақидаги қонунни амалга оширишни буюрди.

Эрон парламенти қонунни 18 май куни қабул қилганди. Ҳужжат Ал-Қудсда Эроннинг виртуал элчихонасини ташкил этишни кўзда тутади. 

Маълум қилинишича, Руҳоний ички ишлар, ташқи ишлар, ахборот (разведка) вазирликларига, қуролли кучлар ва миллий хавфсизлик олий кенгашига қонунда кўзда тутилган чораларни амалга ошириш вазифасини юклаган.  

Жумладан, ижрочи идоралардан фаластинликларни қўллаб-қувватлашни таъминлаш, 6 ой ичида Фаластин ҳудудларида виртуал элчихона ёки консулликни ташкил этишга тайёргарликни амалга ошириш талаб этилади.

Қонунда Исроилни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳарбий, сиёсий ва маданий фаолият, эронликлар томонидан “Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларига” ташриф буюриш, Эрон орқали Исроил билан боғланган компаниялар маҳсулотлари олиб ўтилиши тақиқланган. 

Ушбу қонун Исроилнинг Фаластин халқи, ислом давлатлари ва Эронга қарши ҳаракатларига ҳамда Сурия ва Ливанни босиб олишни давом эттириш уринишларига жавобан қабул қилинган. Қонунда Исроилнинг дунёни ва халқаро хавфсизликни издан чиқариш ва “тақиқланган қуролни қўллаш”га қаратилган “бузғунчи ҳаракатлари” қораланган.

Мавзуга оид