Жаҳон | 22:10
897
9 дақиқада ўқилади

Эроннинг яна бир “кузир”и — Африка ва Осиёни ажратиб турган Боб ал-Мандаб бўғози ҳақида

Жорий йил феврал охирида АҚШ ва Исроил Эронга ракета зарбалари бера бошлади. Форслар ҳам бунга жавобан Араб кўрфази давлатларида жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига, инфратузилма объектларига ракета ва дронлар йўллай бошлади. Бу орада Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб олди ва бир неча марта Қизил денгизда жойлашган Боб ал-Мандаб бўғозини ҳам тўсиш билан таҳдид қилди. Хўш, Эрон уни қандай тўсиб қўйиши мумкин?

Май ойи охирлари ва июн ойи бошларида жаҳон ОАВларида АҚШ ва Эрон келишувга яқин экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу келишув имзоланмади.

Аксинча, Исроилнинг Ливанга ҳужуми туфайли Эрон АҚШ билан ҳеч қандай келишув имзоламаслигини, Ҳўрмуз билан бирга Боб ал-Мандаб бўғозини ҳам ёпиб олишини айтиб чиқди.

Эроннинг Ҳўрмузни ёпиб олгани мантиқан тўғри, бу бўғоз Эрон билан тўғридан тўғри чегарадош. Бироқ Эрондан анча узоқда бўлган Боб ал-Мандаб бўғозини Эрон қандай назоратига олиши мумкин? Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз.

Боб ал-Мандаб бўғози ҳақида

Боб ал-Мандаб бўғози Осиё ва Африкани иккига бўлиб турган Қизил денгизнинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, унинг энг тор жойи 30, энг кенг жойи 90 километрни ташкил этади.

Бўғознинг ғарбий қисмида Африканинг Эритрея ва Жибути давлатлари, шарқий қисмида Осиёнинг Яман давлати ҳудуди жойлашган.

Фото: Shutterstock 

Боб ал-Мандаб бўғози Қизил денгиз ва Араб денгизидаги Адан кўрфазини боғлаб туради. Бўғозда денгизнинг энг чуқур жойи 182 метрни ташкил этади.

Турли маълумотларга кўра, Боб ал-Мандаб бўғозининг шаклланганига 70-130 минг йил бўлган. Яъни тахминан 60-70 минг йиллар аввал Ҳинд океани сатҳи ҳозиргидан 50-80 метр пастроқ бўлган. Осиё ва Африка қитъаси туташган ҳудуд ҳам ҳозиргидан каттароқ бўлган.

Ўша пайтда бўғоз занжирсимон тарзда – бир жойда саёз сув, бир жойда қуруқлик, яна бир жойда чуқурроқ бўлган. Узоқ йиллардан буён Арабистон яримороли плитаси Африка плитасидан 2 см узоқлашгани ҳисобидан бўғоз ҳам кичик фарқ билан кенгайиб бормоқда.

Боб ал-Мандаб бўғозининг шарқий қисмида Яманга тегишли Маюн деб номланган орол бор. Бу орол билан Яманнинг қуруқликдаги қисми ўртасидаги кичик бўғоз Искандар бўғози деб аталади.

Бўғознинг жанубий-ғарб қисмида эса Жибутига тегишли Сабъа ороллари жойлашган.

Фото: alamy.com

Боб ал-Мандаб бўғозининг жаҳон савдосидаги роли

Боб ал-Мандаб бўғозининг аҳамияти Ҳўрмуз бўғозиникидан анча катта. Ҳўрмуз бўғозидан асосан нефт ташилса, Боб ал-Мандаб бўғозидан нефт билан бирга бошқа товарлар ҳам ўтади.

Яъни Япония, Хитой, Ҳиндистон, Араб кўрфази ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ҳамда Австралия Европа билан савдо алоқаларини асосан шу бўғоз орқали амалга оширади.

Маълумотларга кўра, Боб ал-Мандаб бўғозидан бир суткада 65-70 та юк кемалари ўтади. Умумий ҳисобда бўғоздан бир суткада 8-10 млн баррел нефт олиб ўтилади. Бу жаҳон бўйлаб ташилаётган нефтнинг 10-12 фоизи демакдир.

Бўғоздан халқаро савдо товарларининг 12 фоизи, ташилаётган контейнерларнинг эса 30 фоизи ўтади. Шунингдек, Боб ал-Мандабдан суюлтирилган газнинг асосий қисми олиб ўтилади.

2021 йил мартда Мисрдаги Сувайш каналига Тайваннинг Evergreen Marine компаниясига қарашли Ever Given супертанкери тиқилиб қолди.

Канал вақтинча ёпилди ва кемалар Боб ал-Мандаб бўғозидан эмас, Африка жанубидан айланиб ўтишга мажбур бўлди. Ўшанда Сувайшнинг бир ҳафтага ёпилиши жаҳон иқтисодиётига бир неча юз миллиард доллар зарар келтирди.

Худди шунингдек, мабодо Боб ал-Мандаб бўғози ҳам қандайдир сабаблар билан ёпилса, жаҳон иқтисодиёти қисқа вақтда юз миллиардлаб доллар зарар кўради.

Фото: theweathernetwork.com

Қароқчилар муаммоси

Узоқ йиллар давомида Боб ал-Мандаб бўғозидан ўтаётган кемаларни сомалилик қароқчилар талаб келишди. Сомалининг соҳилбўйи ҳудудларида марказий ҳукумат назоратининг сустлиги бу ерда ўрнашиб олган қароқчиларга қўл келарди.

Қароқчилар юк кемаларини эгаллаб экипажни гаровга олар, сўнг улар дохил бўлган давлатлардан миллионлаб доллар товон пули талаб қиларди.

Аксарият ҳолларда қароқчилар ўз мақсадига етарди ва ўзлари эгаллаган кема ҳамда унинг экипажини озод қилиш эвазига талаб қилган пулларини олишга муваффақ бўларди.

Кейинчалик бир нечта давлатлар Жибути билан келишиб, бу давлатда денгиз қароқчиларига қарши кураш марказини ташкил этишди ва бу ерга ўз ҳарбий кемаларини юборишди.

Ана шу кемалар бўғозда патруллик қилиб, қароқчилар ҳужумига учраган кемаларга тезкорлик билан ёрдам бера бошлади. Бу хатти-ҳаракатлар тез орада натижасини кўрсатди.

2012 йилдан бошлаб сомалилик қароқчиларнинг ҳужумларига қисман чек қўйилди ва юк кемалари Боб ал-Мандабдан бехавотир ўта бошлади.

Фото: alamy.com

Бироқ 2023 йилга келиб вазият ўзгарди. Энди Боб ал-Мандаб бўғозига оддий кичик қайиқлар ва автомат ўт очиш қуролига эга бўлган сомалилик қароқчилар эмас, Ямандаги хусийлар хавф сола бошлади.

Хусийлар турли ўлчамдаги кемалар билан бирга, дронлар ва ракета қурилмаларига ҳам эга. Хўш, уларни бундай турдаги қуроллар ва кемалар билан ким таъминлаяпти?

Эрон қай тарзда Боб ал-Мандаб бўғозини таъсир доирасига олди?

Бир пайтлар сомалилик қароқчилар Боб ал-Мандабда кемаларнинг йўлини пул учун тўсган бўлса, сўнгги йилларда бу бўғоз энди сиёсий вазият туфайли яна хавфли ҳудудга айланди.

Энди бўғоздан ўтаётган кемалар Яманнинг ғарбий қисмида яшовчи хусийлар ҳужумларига дуч келмоқда. Маълумки, хусийлар шиа йўналишига тегишли оқим ҳисобланади.

Улар анча йиллардан буён Яманда марказий ҳокимиятга бўйсунмасдан келади ва ўзлари яшаётган ҳудудларни ўзлари бошқаради.

Ўтган йиллар мобайнида Яман Саудия ёрдамида исёнкор хусийларни бўйсундириш учун бир неча марта ҳарбий амалиётлар ўтказди. Бироқ уларни жиловлаб бўлмади. Негаки, хусийларнинг ортида кучли Эрон турибди.

Фото: alamy.com

Бундан бир неча йил аввал Исроил ва АҚШ Эронга ракета зарбалари бера бошлагач форслар хусийларни қуроллантириб, улар ёрдамида Боб ал-Мандаб бўғозида нотинчлик юзага келтирди.

Бугун хусийлар фойдаланаётган дронлар, ракета қурилмалари ва бошқа қуролларнинг барчаси Эрон томонидан етказиб берилган.

Қисқа ва лўнда қилиб айтганда Яманнинг хусийлар яшайдиган ҳудудлари де факто Эрон назорати остида қолмоқда. АҚШ ва Исроил Эронга ракета зарбалари берган заҳоти хусийлар Исроилга ракета йўллаш билан бирга Боб ал-Мандабдаги кемаларни нишонга ола бошлайди.

Исроил ва АҚШ ҳам бунга жавобан ҳар-ҳар замонда хусийларнинг позицияларига ракета зарбалари бермоқда. Бироқ ҳозирча бунинг нафи бўлмаяпти ва Боб ал-Мандаб бўғози хусийлар туфайли нотинч бўлиб турибди.

Шу ўринда яна бир фактни таъкидлаш керак, хусийлар нафақат бўғоздан ўтаётган кемаларни ракета ва дронлар билан нишонга олмоқда. Балки худди сомалилик қароқчиларга ўхшаб, йирик юк кемаларини эгаллаб олиб, улар учун йирик миқдорда пул ундиришга ҳам муваффақ бўлмоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда бўғоз қисман хусийлар назоратига ўтгач сомалилик қароқчилар ҳам фаоллашиб қолишди ва яна кемаларга ҳужум қила бошлашди.

Фото: jagonews24.com

2024 йилда улар Мозамбикдан БААга кўмир олиб келаётган Бангладешнинг “MV Abdullah” юк кемасини қўлга олишади. Бир муддат давом этган музокаралардан сўнг кема ва ундаги 23 нафар экипаж аъзоси 5 млн доллар эвазига қўйиб юборилади.

Қисқаси, бугун Боб ал-Мандаб бўғози қисман Эрон назоратида. Агар расмий Теҳрон томонидан буйруқ берилса Эрондан қурол-яроғ ва бошқа ёрдам олиб турган хусийлар бўғозда нотинчлик юзага келтира олади. Бу эса Эроннинг фойдасига ишлайди ва шу учун ҳам сўнгги пайтларда форслар Ҳўрмўз билан бирга Боб ал-Мандабни ҳам тўсиб қўйишини айтиб пўписа қилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид