Жамият | 20:05 / 26.05.2020
14136
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қабристон ва ҳожатхоналар хавфини камайтириш учун дезинфекция ишлари олиб борилмоқда

Сардобадаги сув тошқини натижасида 10та маҳаллада 7та қабристон ва жами 3 229та ҳожатхона сув остида қолган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов АОКАда ўтказилган онлайн брифингда Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган санитария тадбирлари ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, Сардобадаги сув тошқини натижасида 10та маҳаллада 4 351та турар-жой, 7та қабристон, 3 229та ҳожатхона сув остида қолган. Сув ювиб кетиши оқибатида қабристонлар ва ҳожатхоналар эпидемиологик жиҳатдан хавфли бўлиб қолган.

«Ҳожатхоналарни сув босиши натижасида у ердаги касаллик тарқатувчи ичак таначалари аҳоли яшаш жойларига оқиб боради. Оқибатда турли ошқозон ичак касалликлари, юқумли касалликлар тарқалиши хавфи ортади. Шунинг учун бу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида зарарсизлантирувчи дезинфекция тадбирларини амалга ошириш биринчи даражали вазифа ҳисобланади.

Бригадалар томонидан аҳоли яшаш жойлари, қабристонларда амалга оширилган санитария тадбирлари натижасида эса юқумли касалликларнинг тарқалишига йўл қўйилмаяпти», дея таъкидлаган Ботир Қурбонов.

Унинг қайд этишича, тошқин оқибатида ювилиб кетган қабристонларда реконструкция ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, санитария-эпидемиология осойишталиги агентлиги ходимлари томонидан турли лаборатор таҳлиллар олинмоқда. Айни пайтгача сувдан 1 811та, тупроқдан 1 284та, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 1 830та намуналар олинган. Талабга жавоб бермайдиган намуналар аниқланганда уларни ўз вақтида зарарсизлантириш ва йўқ қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Эпидемиологик вазиятда хавф туғдириши эҳтимоли бор нобуд бўлган чорва моллари алоҳида ташкил қилинган 5та қабристонга зарарсизлантирилган ҳолда кўмилган. Ҳозиргача 5 600дан ортиқ ҳайвон жасадлари шундай тарзда йўқ қилинган», деди Ботир Қурбонов.

Бундан ташқари, аҳолининг уй жиҳозлари ва 6 тоннадан ортиқ кийим-кечаклари алоҳида дезинфекция қилиниб, эгаларига фойдаланишга топширилгани маълум қилинди.

Мавзуга оид