Ўзбекистон | 16:16 / 28.05.2020
44788
2 дақиқада ўқилади

Электр энергиясидан қарздорлар тармоқдан узилмоқда. Жами қарздорлик 2 трлн сўмдан ошган

Бугун, 28 май куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани электр таъминоти корхонасида электр энергияси учун тўлов мақсадида истеъмолчилар тўпланди. Бу ҳақда ўз ўқувчиси етказган маълумотга асосланиб, Telegram`даги davletovuz канали хабар тарқатди.

Фото: t.me/davletovuz

«Канал ўқувчисининг айтишича, навбатда турганлар электр тармоғидан узиб қўйилган. Бу бинонинг ташқариси, ичкарида бундан баттар, дейди у. Кўпчилиги карантин туфайли даромадини йўқотган, пули йўқ, қарзга ёқиб беринглар, деб илтимос қилишмоқда.

Давлат бир беморга ўртача 32 млн сўм сарфлаяпти. Шу одамларнинг умумий қарзи 32 млн чиқмаса керак.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида қарздор истеъмолчилар (жисмоний) электр энергиясидан вақтинча узилмайди, деган эди бир пайтлар», – деб ёзади блогер.

Хабарга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, мамлакатда карантин чоралари юмшатилгани боис фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларнинг ортишига йўл қўймаслик мақсадида қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилмоқда.

Компания шу муносабат билан истеъмолчилардан ишлатилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни сўраган.

«Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўлаб боришингиз орқали энерготизимнинг барқарор ва самарали ишлаши, энерготизимда олиб борилаётган модернизация ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини ўз вақтида бажарилишига катта кўмак бўлиб хизмат қилади.

Айни вақтда Мирзо Улуғбек электр таъминоти корхонасидаги вазият истеъмолчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида тўлиқ бартараф этилди», – дейилади жамият хабарида.

Kun.uz манбасининг билдиришича, шу вақтгача аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги 2 триллион сўмдан ошган. Ушбу қарздорлик ишлаб чиқарувчининг барқарор ва узлуксиз фаолият юритишига жиддий таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, қарздор абонент мурожаатига биноан аҳоли тармоққа қайта уланмоқда ва қарзни ундириш бўйича енгиллик берилади.

Шунингдек, Kun.uz Мажбурий ижро бюроси вакилидан олган маълумотга кўра, ҳозирда ҳам коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича аҳолига талабнома юборилмаяпти.

Мавзуга оид