Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Икки карра тарихий воқеа: SpaceX илк бор фазогирларни орбитага олиб чиқади
Тошкент вақти билан 28 май тунги соат 01:33да АҚШнинг SpaceX компанияси Demo-2 миссияси доирасида ўзининг Crew Dragon кемасида 2 фазогирни Халқаро коинот станциясига жўнатади.
Бу икки карра тарихий воқеа ҳисобланади, чунки SpaceX илк бор ўз кемасида одамларни фазога жўнатади ва 2011 йилдан бери биринчи марта ХКСга фазогирларни Россиянинг “Союз” кемаси етказмайди. Ушбу тарихий парвознинг барча жараёнлари жонли эфирда намойиш қилинади. Парвоз трансляциясини NASA ва SpaceX’нинг YouTube’даги каналларида кўриш мумкин бўлади.
ХКСга фахрий астронавтлар Роберт Бенкен ва Дуглас Херли етказилади. Улар кеманинг одамларни орбитага етказишга тайёрлигини баҳолашлари керак бўлади. Херли Crew Dragon’нинг автоном парвози ортидан кузатади, Бенкен эса кеманинг ХКС билан автоматик туташиши ва ажралиши жараёнини назорат қилади. Шунингдек, туташишнинг дастаки режими ҳақ кўзда тутилган. Бундан ташқари, фазогирлар SpaceX ишлаб чиққан янги қутқарув скафандрларининг қулайлиги ва функционаллигини амалиётда текширишларига тўғри келади.
Агар парвоз об-ҳаво сабабли белгиланган вақтда амалга ошмай қолса, унда уни 30 май ва 31 май куни амалга ошириш имкони бўлади.
Парвозда қўлланувчи кема ҳам, ракетанинг биринчи поғонаси ҳам янги бўлиб, кўп маротаба қўлланишга мўлжалланган. Ракетанинг биринчи поғонаси ўз вазифасини бажаргач Атлантика океанидаги баржага қўниши керак бўлади. Crew Dragon кемасининг ХКС билан туташиши Тошкент вақти билан 28 май соат 20:29га белгиланган.
Таъкидланишича, парвозни кузатиш учун старт майдончасига АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсан ўзи ташриф буюради.
Таъкидлаш жоиз, астронавтлар парвозга йўл олишдан олдин ўз оила аъзолари билан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, масофадан туриб бир-бирларини қучоқлагандек қилиб хайрлашишган.
Астронавтлар ҳозирда ХКСда фаолият олиб бораётган америкалик астронавт Кристофер Кэссиди ҳамда россиялик фазогирлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнерга қўшиладилар.
Таъкидлаш жоиз, Херли 2011 йилда Space Shuttle дастурининг сўнгги миссиясида “Атлантис” шаттли учувчиси бўлган, Бенкен эса 2008 ва 2010 йиллардаги миссияларда парвоз бўйича мутахассис сифатида иштирок этган. У 6 марта очиқ коинотга чиқиш тажрибасига эга.
Фазогирлар ХКСда 30 кудан 119 кунгача қолишлари мумкин. NASA бу борадаги якуний қарорни кема ХКСга туташгандан кейингина қабул қилади. Херли ва Бенкен коинот станциясидаги миссияларини бажаргач, қайтариладиган юк билан Ерга қайтишади. Улар парашютлар ёрдамида Флорида яқинида Атлантика океанида қўнишади, шундан кейин уларни Go Navigator қутқарув кемаси ўз бортига олади.
Фото: Kim Shiflett / NASA
Crew Dragon’нинг фазогирсиз илк парвози 2019 йил 2 мартда амалга оширилган. У миссия доирасида ХКСга экипажсиз етиб бориб, автоматик равишда у билан туташган ва ажралиб, Ерга қайтган. Бироқ 1,5 ойдан кейин фавқулодда қутқарув тизими синови вақтида портлаб кетган. Натижада муҳандислар портлашга сабаб бўлган детални бошқа турдагиси билан алмаштиришган.
SpaceX келгусида Crew Dragon’ни нафақат ХКСга экипажлар етказишда, балки фазога туристик парвозларни амалга оширишда қўлламоқчи. Хусусан, компания 2021 йилда 2 та бундай миссияни амалга оширмоқчилигини эълон қилган.
UPD: Об-ҳаво шароити ноқулайлиги боис ракета учиши қолдирилиб, навбатдаги уриниш 30 май кунига белгиланди.