Иқтисодиёт | 15:00 / 28.05.2020
17680
7 дақиқада ўқилади

Очиқ айтилмайдиган кундалик гаплар. Марказий банк шарҳига шарҳ

Сўнгги уч йил давомида юз берган сезиларли иқтисодий ўзгаришлар ва ютуқлар мамлакатимиз тараққиётида анча ижобий натижаларга олиб келди. Лекин 2020 йил март ойининг охири ва апрель ойидан бошлаб, ҳаммамиз билган сабабларга кўра, иқтисодиётимизда турли қарама-қарши йўналишлар ва шу билан бирга жуда фундаментал аҳамиятга эга бўлган тенденциялар юзага келмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки нақд пул муомаласи ҳақидаги қисқача шарҳида кўп ўзгаришларга эътибор берган-у, лекин уларнинг туб моҳияти ва келиб чиқиш сабабларига деярли тўхталмаган. Балки бу Марказий банкнинг иши ҳам эмасдир. Бу, кўпроқ иқтисодий таҳлилчиларнинг иши бўлса керак.

Хўш, нима гаплар айтилмади, ёки ёпиқ парда ортида қолди?

1. Марказий банкнинг хабар беришича, 2020 йилнинг январь-апрель ойларида нақд пул айланмаси ҳажми 105,5 трлн сўмни ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41 фоизга ошди. Лекин 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра иқтисодиётдаги нақд пуллар ҳажми 23,85 трлн сўмни ташкил этганини инобатга олсак, бугунги кунда ўртача пул айланмаси вақти 4,42 кунни ташкил этган. Яъни банкдан чиққан пул 4,42 кунда яна банкка қайтиб келяпти. Агар худди шу кўрсаткични 1 йил аввалги ҳолат билан таққосласак, 2019 йил апрель ойида бу кўрсаткич 3,47 кунни ташкил этган. Яъни пул айланмаси суръатлари бизда пасайиб боряпти ва бу ҳолни ижобий деб бўлмайди. Сабаби, пул айланмаси қанчалик секин бўлса, жамиятнинг иқтисодий ўсиши шунчалик секинлашади. Бундай секинлашиш сабаблари ҳақида Марказий банк ҳисобот берган, аммо кўрсатилган сабаблар ичида энг асосийси айтилмаган ва бунга қуйида яна қайтамиз.

2. Агар мазкур даврда банк кассаларига тушган нақд пул маблағларининг ички тузилиши ўзгариши (динамикаси)га эътибор берсак, жуда қизиқ тенденцияларни кўриш мумкин:

  • Кўрсатилган банк хизматларидан бўлган нақд пул тушумлари улуши ва абсолют ҳажми тобора ортмоқда. Яъни банклар борган сари кўпроқ даромад олмоқда. 2019 йил январь-апрелида банк даромадлари 7,48 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида икки баробардан ортиқ ўсиб, 15,1 трлн сўмни ташкил этди. Ваҳоланки, 2020 йилда товар ва хизмат кўрсатишдан тушган тушумлар 25 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 26,2 фоизга ўсган (19,81 трлн сўм) холос;
  • Банк кассаларига солиқлар тушуми 2020 йил январь-апрелида 2,08 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида 2,24 трлн сўмни ташкил этган эди. Яъни солиқлар тушуми 7,15 фоизга тушиб кетган. Товар ва хизмат кўрсатишдан тушумлар ҳажми ошсаю, улардан келадиган солиқлар ҳажми камайса, банкларнинг даромади эса худди шу даврда 2 баробар ўсса, бунга қандай изоҳ бериш мумкин?

3. Албатта, «коронавирус пандемияси даврида... иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши банк кассаларига нақд пул тушумлари»нинг апрель ойида март ойига нисбатан 5,5 трлн сўмга қисқаришига олиб келди. Яъни бу кўрсаткич жорий йил апрель ойида 7,9 трлн сўм, март ойида эса 13,4 трлн сўмни ташкил этиб, тушум 41 фоизга камайди.

4. Марказий банкнинг таъкидлашича, «банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳажми нақд пулга бўлган талаб миқдоридан кўп бўлганлиги сабабли 2020 йилнинг 1-чорагида 209 млрд сўмлик нақд пуллар муомаладан қайтган бўлса, аксинча жорий йилнинг апрель ойидаги ҳолат муомалага қўшимча 1 472 млрд сўм чиқаришни тақозо этди». Аслида бу нақд пуллар кунлик фойдаси ҳажми кескин ошган савдо ташкилотлари томонидан оборотдан (айланмадан) чиқарилиб, нақд чет эл валютасига алмаштирилган ва ҳозирги кунда уларнинг хусусий захираларида қолиб келмоқда, деб тахмин қиламиз. Банк кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар 53,4 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўпайиши ҳам ана шу тахминимизга далил бўла олади. Бўлмаса, «карантин даврида фаолиятини тўхтатган хўжалик субъектларининг иш ҳақи тўловлари учун нақд пулга бўлган талабининг 1,1 трлн сўмга, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ортидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун йўналтириладиган нақд пуллар ҳажмининг 2 трлн сўмга қисқариши» юзага келган бир ҳолда муомалага қўшимча 1 472 млрд сўм чиқаришни қандай изоҳлаш мумкин? Айнан шу ҳол аслида пул муомаласининг секинлашуви ва нақд пулга бўлган талаб кун сайин ортиб бораётганининг, иқтисодиётнинг норасмий қисми ўсиб бораётганининг сабабларидир.

5. Чакана савдо корхоналарининг ва бозордаги сотувчиларнинг тазйиқи остида, аҳолининг нақд пул харажатлари ортиб бормоқда ва натижада, 3,75 миллион пенсионернинг пенсиялари, ҳамда турли нафақа ва ижтимоий тўловларнинг 56,3 фоизи банк карталаридан нақд пул тарзида ечиб олинган. Албатта, бу пуллар энг биринчи навбатда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган харажатларини қоплашга қаратилган. Картадан ечилмаган қисми эса, асосан коммунал тўловлар учун ишлатилган. Натижада «2020 йилнинг январь-апрель ойларида банк карталарига жами 45,8 трлн сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 15 трлн сўмлик маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган».

6. Албатта, аҳоли ўз харажатларини пухтароқ режалаштиришга ҳам ўрганмоқда. Шу сабабли банк карталаридаги маблағлар қолдиғи 2020 йил 1 май ҳолатига 6,4 трлн сўмни ташкил этиб, жорий йил 1 март ҳолатига нисбатан 32,5 фоизга, 1 апрель ҳолатига нисбатан 16,8 фоизга ўсди. Лекин Марказий банк ўзи таъкидлаганидек солиқлар, коммунал хизматлар, кредит фоизлари ва бошқа тўловларнинг тўлаш муддатлари узайтирилган. Бу харажатлар халқнинг бўйнидан ҳеч қаерга кетмаган ва улар озиқ-овқат ҳамда энг муҳим кундалик харажатлар қоплангандан сўнг амалга оширилади. Яъни халқ жамғармалари борган сари кўпаяётгани ҳақидаги иллюзия бўлмаслиги керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, тўлов муддати кечиктирилган солиқлар, коммунал хизматлар, кредит фоизлари ва бошқа тўловларнинг тўлаш муддатлари келган чоғи сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Айнан шу даврда халқимизнинг реал даромадлари кескин даражада тушиб, барча жамғармалар ишлатиб бўлинган бўлиши мумкин. Яъни бу даромадларнинг каттагина қисми давлат бюджетига, банкларга, коммунал ташкилотларга умуман келмаслиги ҳам мумкин.

Абдулла Абдуқодиров
Иқтисодий таҳлилчи

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди

Мавзуга оид