
«Сўнгги вақтларда қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиши кузатилаётгани аҳолини ўринли ташвишга солмоқда. Мамлакатимизда 2017 йилда 7та, 2018 йилда 10та, 2019 йилда эса 16та қийноққа солиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноят (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) қайд қилинган, натижаси бўйича айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермайди. Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757та (2019 йилда 208та, 2018 йилда 352та, 2017 йилда 197та) ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 33таси, яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, қийноқ билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбдорлиги исботланиб, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксарияти ИИВ ва ДХХ ходимларидир. Шунингдек, прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ҳам шундай жиноятга қўл урилгани аниқланган», дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бош прокурор ўринбосарининг сўзларига кўра Ўзбекистонда қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўлиқ мувофиқ эмас, бу эса мамлакатимизнинг нуфузига ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Index) Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йигирма йилда ижобий томонга ўзгармаган. Инсон тараққиёти индексининг баҳоловчи кўрсаткичларидан бири – инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, шу жумладан қийноқнинг олдини олиш бўйича халқаро шартномаларнинг ратификация қилиниши ва амал қилиниши ҳолатини акс эттиради.















