– Бахтиёр, билишимча, Ўзбекистон футбол ассосациясида шошилинч мажлис ўтказилган. Шу мажлисдан кейин тендер ҳақида хабар чиқдими ёки аввалдан бўлган режамиди?

– Бу иш ОФК билан биргаликда 2017 йилдан бошланган эди. Турли лойиҳалар, хусусан тижорий ҳуқуқлар, медиа ҳуқуқлар тўғрисида ҳам банд бор эди. Бунинг устида иш олиб боргандик. Сиз айтиб ўтган мажлисда ЎФА раҳбарияти томонидан тендер эълон қилиш юзасидан топшириқ берилди.

– Бу қандай тендер? Қандай ҳуқуқлар сотиляпти ва шартлари қанақа?

Бобур Акмалов ва Бахтиёр Маметов

– Мамлакатда татбиқ қилиш мумкин бўлган онлайн ҳуқуқлар тўғрисидаги гап кетяпти. Суперлига ва миллий жамоа иштирокидаги ўйинлар интернет майдонида кўплаб томошабин йиғяпти. Миллий жамоаларимиз ўйинларини миллионлаб томошабинлар интернет орқали кўришади. Афсуски, ЎФА шу ҳуқуқларга эга бўлиб туриб шу вақтгача ҳеч қандай даромад кўрмаган. Шу бўйича модель тузилганлиги сабаб медиада фаолият юритадиган компаниялар билан иш олиб боришимиз мумкин. Ҳозир ПФЛ таснифидаги мусобақалар ҳақида гап кетяпти. Лекин келажакда ЎФАга, миллий жамоага тегишли бўлган ҳуқуқларни сотишда ҳам тендер эълон қиламиз.

Тендерда Про-лига мусобақаларини суратга олиб, кўрсатишни ташкил қила оладиган компаниялар ҳам иштирок этиши мумкин. Биласиз, Про-лига мусобақаси ҳеч қаерда ёритилмайди, лекин бориб томоша қилсангиз, Про-лигадаги баъзи ўйинлар ҳатто Суперлигадан қизиқарлироқ ўтади. Бу мусобақанинг ўз мухлислари бўлгани сабаб унинг трансляциясини ҳам йўлга қўймоқчимиз. Бу орқали Про-лига савиясини кўтариш мақсади кўзланган.

– Тендер эълон қилинганига бир неча кун бўлди. Шу кунлар давомида қизиқувчилар бўлдими?  

– Ҳа, ҳозиргача 3та ариза келиб тушди. Бу рақам яна кўпаяди, чунки қизиқувчи медиа компаниялар бор. Улар телефон орқали тендер тартиби юзасидан саволлар беришди. Ариза бериш 5 июнгача давом этади.

– Қизиқиш билдирганлар номини очиқ айтоласизми?

– Айтолмайман, чунки бу тижорий сир ҳисобланади. Тендер якунида иштирокчилар номини эълон қилишимиз мумкин.