Президент қарори билан Солиқ кодексининг 483-моддасига (вақтинчалик имтиёзлар) қўшимча киритилди.
Унга кўра, 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари:
- барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
- ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
- Ўзбекистонга олиб кириладиган, Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини тўламайди.
Кўпчилик томонидан янгилик сифатида қабул қилинаётган бўлса-да, бу имтиёз аслида аввалдан мавжуд бўлиб, охиргиси 2018 йил 16 мартдаги 3610-сонли президент қарорининг 10-бандига кўра ишлаб келаётганди. Янги қарор фақат имтиёз муддатини 2026 йилгача чўзди, холос.
Ҳа, яна бир ўзгариш бор – янги қарорда жалб этилган чет эллик мутахассислар билан биргаликда футболчилар (чет эллик) ҳам қўшилган, аввалги қарорда фақат чет эллик мутахассислар даромад солиғидан озод қилинганди.
Бундан ташқари, аввалги қарорда ҳар қандай юридик корхонанинг фойда солиғини ҳисоблашда футбол учун сарфланган ҳомийлик маблағлари умумий фойданинг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ушбу солиқдан озод қилинарди. Янги қарорда бу қисм ҳам олиб ташланди.
Бу мавзуда турли фикрлар билдирилмоқда. Умуман, футболни ривожлантириш, футболга муносабатнинг умумий қоидаси бўлмайди, араблар кўнгилхушлик учун миллиардларни сарфлаши, АҚШ даромад манбайи сифатида қараб фойда олишга ҳаракат қилиши, Европа эса бутун дунё кузатадиган спорт мусобақасига айлантириб, миллионлаб пул айлантириши мумкин. Йўллари кўп.
Айнан биз учун қайси йўналиш тўғри келиши, аслида футбол учун имтиёзларни қўллаш ҳашаматига эгамизми, бу саволларни кейинги мақолага қолдириб, бошқа жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман: футбол имтиёзлари ўзи футболга берилмоқдами? Футболга қаратилган имтиёзлар ростанам футболга қаратилиши, бу қарор ёрдамида турли лазейкалар пайдо бўлмаслиги учун нималарга эътибор берилиши керак?
Юқоридаги берилган 3-банд бўйича эътироз йўқ. Агар клуб ўз эҳтиёжи учун турли инвентарлар, ускуналар, спорт озиқ-овқатлари ва ҳоказолар олиб келганида ҚҚС тўлашдан озод қилинса, ростан ҳам футбол клубига ёрдам бўлади. Бу ерда олиб келинадиган ушбу товарлар сотиш учун эмас, айнан клуб эҳтиёжи учун бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун қандайдир чегаралар белгиланиши, айтайлик, саналган товар турларини олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар футбол клублари орқали импорт қилишига йўл очиб бермаслик керак.















