15:53 / 30.05.2020
18602

Урганчдаги коллеж ўқитувчиларини ишсиз қолиш масаласи хавотирга солмоқда

Урганч ахборот ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг 53 нафар ўқитувчи ва ходимларининг меҳнат шартномаси 1 июлдан бекор қилинмоқда. Улар ўзлари ва оилалари тақдиридан хавотирда қолишган.

Урганч ахборот ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи 41 йиллик тарихга эга. Бу даргоҳ 1979 йилда техникум сифатида иш бошлаган. 2005 йилда коллежга айлантирилган ва 640 ўринга мўлжалланган янги, замонавий бинога кўчиб ўтган.

Коллежда «Компьютер инжиниринги техниги», «Дастурий инжиниринги техниги» ва «Телекоммуникация» йўналишлари бўйича 266 нафар ўқувчи таълим оляпти. 53 нафар ишчи, жумладан 21 нафар педагог, 32 нафар бошқарув ва техник ходимлар ишлаяпти.

2019 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5812–сон фармони қабул қилинди. Унга кўра, Урганч ахборот ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида техникум сифатида қайта ташкил қилинадиган бўлди.

Шу сабабли ва Меҳнат кодексига биноан коллежнинг 53 нафар ишчи-ходимига 1 июлдан бошлаб меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилди.

Айни вақтда коллеж коллективининг кейинги тақдири қандай бўлиши сўроқ остида турибди. Агар таълим даргоҳи техникум сифатида қайта ташкил қилинса, техник-ходимлар яна ишга қабул қилинадими? Ўқитувчилар-чи? Одамларни шу масала хавотирга солган.

Гап шундаки, ахборот ва компьютер технологиялари соҳасига ихтисослашган коллежнинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида техникумга айлантирилиши таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар тури бўйича жиддий ўзгаришларга олиб келади. Яъни «Компьютер инжиниринги техниги», «Дастурий инжиниринги техниги», «Телекоммуникация» ва бошқа йўналишлар ёпилади. Натижада, бу йўналишдаги фанлардан дарс берувчи мутахассис педагогларнинг меҳнатига эҳтиёж қолмайди, улар ишидан ажралади.

Коллеж коллективи ахборот ва компьютер технологияларига ихтисослашган таълим даргоҳининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига берилишида бир қанча муҳим омиллар эътиборга олинмаган деб ҳисобламоқда.

Жумладан, коллеж айнан ахборот ва компьютер технологиялари соҳасида таълим бериш, касбга ўргатиш учун барча шароитларга, моддий-техника базасига, тор соҳага мансуб бўлган профессионал фанлардан таълим берадиган малакали мутахассисларга эга.

Коллеж Германия давлат имтиёзли кредити ҳисобига жиҳозланган «Электроника ва электротехника асослари лабораторияси», «Ахборот технологиялари асослари лабораторияси», «WINDOWS ва MS-OFFICE компьютер лабораторияси», «Дастурлаш ва компьютер тармоқларига хизмат кўрсатиш лабораторияси», «Шахсий компьютерларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси», ўқув амалиётларини ўтказиш учун мўлжалланган 7та компьютер лаборатория хоналарига эга. Ахборот ресурс маркази фондида жами 56 мингга яқин китоб бор. Шулардан 15 мингга яқини махсус адабиётлар, 8 мингдан ортиғи ўқув услубий фанлар, 600га яқини электрон қўлланмалар.

Коллеж таълим соҳасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси, «Ўзбектелеком» АКнинг Хоразм филиали, «Ўзбекистон почтаси» ОАЖнинг Хоразм филиали, Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали билан ҳамкорлик ва шериклик шартномаларини тузган.

Коллежни тугатган мутахассислар Хоразм телекоммуникация тармоқлари корхоналарида, Давлат хизматлари марказларида, Урганч халқаро аэропортида, темир йўл тармоқларида, ҳуқуқ-тартибот идораларида меҳнат қилишмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, коллеж Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тасарруфига эмас, балки таълим йўналиши бир хил бўлган Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) Урганч филиали тасарруфига ўтказилса, мақсадга мувофиқ эмасми? Таълим даргоҳи коллективи ҳам шуни истамоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг юқорида тилга олинган фармонида Вазирлар Маҳкамасида зарур ҳолларда техникум сифатида қайта ташкил қилинишини кўзда тутилган коллежларнинг тасдиқланган рўйхатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи борлиги кўрсатилган. Коллеж коллективи мана шу бандга асосан қарор қайта кўриб чиқилишини илтимос қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, коллеж ўқитувчилари ва ходимларининг иш ўрнидан ажралиши мураккаб бўлиб турган ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштиради. Пандемия шароитида уларнинг кўпчилиги, айниқса, тор соҳага мансуб бўлган профессионал фанлардан таълим берадиган малакали мутахассислар иш топа олмаслиги мумкин. Ходимларнинг баъзилари қарамоғида вояга етмаган фарзандлар бор, баъзилари узоқ муддатли уй-жой ипотека кредитлари, истеъмол кредитларини олишган ва тўлаб келишмоқда. Ишсиз қолган тақдирда бундай оилаларнинг аҳволи танг бўлиб қолади.

Коллеж коллективи ахборотлаштириш асрида, айниқса, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг аҳамияти юқори бўлиб турган ҳозирги даврда ўқув даргоҳининг профилини сақлаб қолишни, телекоммуникация ва ахборот технологиялари йўналиши мутахассисларини тайёрлайдиган техникумга айлантирилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда. Коллежнинг моддий техник базаси, адабиётлар фонди ва соҳа мутахассислари мавжудлиги бунга тўлиқ имкон беради. Бундан ташқари, кўп йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган коллективни сақлаб қолиш, уларни ижтимоий ҳимоялашни таъминлайди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top