Ўзбекистон | 23:12 / 14.01.2026
3684
3 дақиқада ўқилади

Хивадаги Конгресс маркази ва Фарғонадаги экспомарказ лойиҳаси президентга тақдим этилди

Президент Шавкат Мирзиёев туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Жумладан, Хива шаҳрида Конгресс маркази, Конфуций институти ва Лю Бан устахонаси, Урганч–Хива автомобил йўлига муқобил янги йўл, Фарғона шаҳрида экспомарказ, Бурхониддин Марғилоний илмий-тадқиқот маркази, Бухоро давлат университетинг янги замонавий кампуси ва бошқалар тақдим этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги тақдимотда турли ҳудудлардаги бунёдкорлик режалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Хива шаҳрида Конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этилиши режалаштирилган. Бу иншоотлар шаҳарда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш ва туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Қурилиши режалаштирилган Конфуций институти ва Лю Бан устахонасида маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун шароитлар яратилади.

Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Урганч вокзалидан янгиланган аэропортга алоҳида темирйўл линияси тортилиши натижасида йўловчилар учун қулайлик янада ошади.

Шунингдек, мавжуд Урганч–Хива автомобил йўлини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда унга муқобил бўладиган янги автойўл қуриш режалари тақдимот қилинди.

Фарғона шаҳрида экспомарказ қуриш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Мазкур мажмуада халқаро кўргазмалар, бизнес форумлар ва йирик тадбирлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилиши, бу эса ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Бурхониддин Марғилоний илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Марказда маънавий мерос ва илмий тадқиқотлар йўналишида халқаро даражадаги фаолиятни йўлга қўйиш, замонавий илмий мактаб шакллантириш кўзда тутилган.

Бухоро давлат университетинг янги замонавий кампусини барпо этиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Университетда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қулай таълим ва илмий муҳит яратиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Режалаштирилган лойиҳалардан бири – Тошкент шаҳрида замонавий бадиий гимнастика мажмуаси. Ушбу марказда ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва профессионал бадиий гимнастикачиларни тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Президент лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва замонавий талабларга қатъий риоя қилиш, шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид