Учта вилоятда умумбелгиланган солиқ тўловчиларига хизмат кўрсатиш тартиби ўзгарди
1 июндан бошлаб Тошкент, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларининг умумбелгиланган солиқ тўловчиларига туман инспекцияларида эмас, балки вилоятлар давлат солиқ бошқармаларида хизмат кўрсатилади.
Ўзбекистон солиқ органлари тизими таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш бошланмоқда. Мақсад – солиқ тўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, шу билан тизимнинг сервисга йўналтирилганлик даражасини ошириш ва солиқ тўловчиларнинг ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ва қулай тарзда бажаришини таъминлашга эришиш, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Энди умумбелгиланган солиқ тўловчилари ҳисобланадиган барча ҚҚС тўловчиларининг солиқ маъмуриятчилиги босқичма-бочқич янги даражага ўтади.
Хизмат кўрсатишнинг янги тартиби биринчи босқичда Тошкент, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларида жорий этилади. Унга кўра, 1 июндан бошлаб умумбелгиланган солиқ тўловчиларига аввалгидек туман инспекцияларида эмас, балки вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида (ДСБ) хизмат кўрсатилади.
2020 йил 1 июлдан бошлаб мазкур учта ҳудудда солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифасининг солиқ маъмуриятчилиги тўлиқ Тошкент шаҳар ва вилоятлар ДСБлари томонидан амалга оширилади.
Маълумот учун, қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ижтимоий солиқ, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, автотранспорт йиғими (фаолият турига қараб) умумбелгиланган солиқлар ҳисобланади.
Халқаро валюта фонди экспертлари ишни самарали ташкил этиш мақсадида, солиқ хизмати тизимини оптималлаштириш ва таркибий тузилмалари тармоғини такомиллаштиришни ўз тавсияларида кўрсатиб ўтишган.
Бундан ташқари, ДСҚ ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясини ташкил этиш тажрибаси солиқ тўловчиларнинг маълум тоифаларига нисбатан солиқ маъмуриятчилиги манзилли тартибда алоҳида тузилмалар томонидан юритилишининг мақсадга мувофиқлигини исботлади.
Шу муносабат билан ҳудудий ДСБлар таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш ишлари бошланди: ҚҚСни расмийлаштириш ва қайтариш билан шуғулланадиган махсус бўлимлар ташкил этилмоқда. Бу ДСБларда умумбелгиланган солиқлар бўйича маълумотларни жамлаш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда ҳамда солиқ тўловчиларга одатдаги тартибда ва масофадан туриб хизматлар кўрсатиш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Бу нима беради? ҚҚС маъмурчилиги – оддий жараён эмас. Солиқни ҳисоблаш тизими ҳам мураккаб. Бунда солиқ тўловчиларга маслаҳат бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш жуда муҳим ҳисобланади. Тажриба шуни кўрсатяптики, туман солиқ инспекциялари бу ишни етарли даражада уддаламаяпти. Натижада солиқ ҳисоботида хатолар, қайта ҳисоблашлар кўпаймоқда. Солиқ тўловчилар эса вилоят бошқармаларига шикоят қилиб, муаммонинг ҳал қилинишига эришмоқда.
Янги механизм хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини оширишга ёрдам беради, солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига биринчи мурожаатида ечимини топмаган муаммоси бўйича юқори органга мурожаат қилиш ҳолатлари бир неча баробар камаяди.
Иш манзилли равишда, вазифаларни аниқ тақсимлаш ва ҳар бир масалани батафсил ўрганиш асосида ташкил этилади. Сифатли сервис хизмати солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва ихтиёрий равишда бажаришга имкон беради.
Таркибий тузилмани қайта ташкил этиш тадбиркорлик субъектларидан ҳеч қандай қўшимча ҳаракатлар талаб қилмайди. Бу тизимга ўтказиш солиқ хизмати ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокисиз амалга оширилади.
Маълумот учун, бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасида 96130та субъект ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Юқоридаги тартиб биринчи босқичда Тошкент шаҳри, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилади ва жами 29170та ҚҚС тўловчисини қамраб олади. 1 октябрдан бошлаб бу механизм бутун республика бўйлаб амалга оширилади.
Мавзуга оид
21:19 / 07.07.2021
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?
10:06 / 02.07.2021
130та давлат халқаро солиқ тизими киритилишини маъқуллади
11:27 / 27.06.2021
Соядаги иқтисодиёт: Одамлар нега солиқдан қочиш ва яширин даромад олишга интилишади?
15:37 / 18.06.2021