Жамият | 17:36 / 01.06.2020
14603
5 дақиқада ўқилади

Андижонда йўл қурувчиларнинг хатоси юзлаб хонадонларни оқин сувсиз қолдирди. Хато 3 йилдан бери тўғриланмаяпти

Оқибатда аҳоли томорқа ерлари қуриб бормоқда, одамлар экинларини ичимлик суви билан суғоришига тўғри келяпти, натижада баъзи уйларга ичимлик суви ҳам бормай қолган. Ўтган йил куздаги сайёр қабуллардан бирида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов муаммони 10 кунда ҳал қилишни айтган эди.

Kun.uz таҳририятига Андижон шаҳри «Обод» маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари томонидан йўлланган мурожаат билан танишгач, муаммони ўрганиш мақсадида ўша манзил сари йўл олдик.

«Обод» маҳалласига бориб, фуқароларнинг арзига қулоқ тутдик. Бу маҳаллада яшовчи хонадон эгаларининг 2 сотихдан 10 сотихгача томорқа майдонлари бор. Айни пайтда уларнинг энг долзарб муаммоси – уч йилдан бери экинларни суғориш учун оқин сувнинг йўқлигидир.

Маҳаллага оқин сув Андижон шаҳридаги Отабеков кўчасидан ўтувчи сойдан келиб, Обод, Гумбаз, Оқравот ва Толмозор маҳаласидаги 400дан ортиқ хўжаликларни оқин сув билан таъминлаган.

Отабеков кўчаси 2017 йилда таъмирланган бўлиб, ўшанда маҳаллаларга оқин сув ўтадиган «лоток» йўл таъмирланиши ҳисобига бузиб ташланган. Ўрнига янги қувур тортилган, бироқ қувур сой сатҳидан юқорига кавлаб ўрнатилгани учун сув ўтмай қолган. Мана уч йилдирки, қувурдан бир томчи сув ўтмайди.

«Арз қилмаган жойимиз қолмади»

«Шаҳарнинг чекка ҳудудида яшаймиз. Карантин пайтида асосий қиладиган юмушимиз деҳқончилик. Лекин сувсизликдан экинлар ва мевали дарахтлар чанқаб, қуриб ётибди.

Президентимиз: «Томорқангиздан рўзғорингиз учун фойдаланинг», деб айтяпти. Бироқ сув бўлмаса, томорқамизда деҳқончилик қила олмаймиз. Оқин сув бўйича биз арз қилмаган идора қолмади.

2017 йилдан бери шаҳар ҳокимлигига ўн маротаба мурожаат қилдик. Ундан ташқари, сув хўжалиги бошқармаси, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва Халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик. Натижа бўлмади», – дейди «Обод» маҳалла фуқароси Абдувоҳид Расулов.

Андижон вилояти ҳокими муаммо 10 кунда ҳал бўлишини айтганди

«2019 йил октябрь ойида вилоят ҳокимининг сайёр қабули бўлиб ўтганди. Ўшанда оқин сув муаммосини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилдик. Вилоят ҳокими мутасаддиларга ўша сойга дамба қуриш учун пул ажратилишини айтиб, 10 кун муддат ичида муаммони бартараф этиш ҳақида топшириқ берган эди. Кўриб турибсиз, ҳозиргача ҳал бўлгани йўқ.

Шу йили апрель ойида сув хўжалиги бошқармасига бордик. Янги қувур ўтказиш бўйича лойиҳа тайёрлиги, лекин ажратилган маблағ карантин муносабати билан бошқа мақсад учун йўналтирилганини айтишди.

Имконияти бор хонадон эгалари томорқасини ер қаъридан насос орқали зах сув тортиб суғоришади. Қолганлари эса экинларини ичимлик суви билан суғоришади. У ҳам етмагандек, ичимлик суви тармоғига мотор қўйишиб олган. Нима қилсин, бошқа иложи йўқ. Экинларни суғориш керак-ку? Оқибатда биз яшаётган маҳаллаларга ичимлик суви ҳам етиб бормаяпти», – дейди Толмозор маҳалласи фуқароси Абдумутал Назаров.

Толмозор маҳалласида бўлганимизда, хонадон эгаси тунда ичимлик суви тармоғидан оз миқдорда келган сувни бўш идишларига тўлдириб олишини ва томорқадаги экинларини ўша сув билан суғоришини айтди.

Шу йил апрелда 100 млн сўм ажратилган эди, лекин...

Муаммоли вазиятга изоҳ олиш учун Андижон вилояти сув хўжалиги бошқармаси мутасаддиси билан телефон орқали боғландик.

Фамилиясини айтишни хоҳламаган ва ўзини Иқболжон деб таништирган бошқарма ходими вазиятни қуйидагича изоҳлади.

«Ҳақиқатан ҳам 2017 йил Отабеков кўчасидаги йўл қурилиши оқибатида ариқдан сув ўтадиган қувур бузилган. Оқин сувдан муаммо бўлиб турган тўртта маҳаллага сув ўтказишга ҳаракат қилдик, барчаси маблағга бориб тақалди. Жорий йил апрель ойига юз миллион сўм миқдорида пул маблағлари маҳаллий бюджетдан молиялаштирилган эди. Вилоят молия бўлими пандемияни сабаб қилиб, иш ҳақидан бошқа барча сметадаги харажатлар 3-чоракка олиб қўйилганини айтишди. Масалани август ойида бартараф этишни режалаштириб турибмиз», – дейди мутасадди.

Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш ҳақида кўплаб қарорлар чиқмоқда. Қарор эса ижроси билан гўзал. Ер майдонини суғориш учун оқин сув бўлмаса, қарор бандларини амалга оширишнинг иложи йўқ.

Вилоят ҳокимлиги ва бошқа масъул идоралар мазкур масалага жиддий эътибор қаратади, деб умид қилиб қоламиз.

Сарварбек Назаров

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид