Жаҳон | 11:32 / 01.06.2020
9823
3 дақиқада ўқилади

Арманистон бош вазири коронавирусдан зарарланди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян коронавирусдан зарарланди. Бу ҳақда сиёсатчининг ўзи Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

Фото: DPA/ТАСС

Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштирган видеосида Пашинян ўзида ҳеч қандай ташқи симптомлар бўлмасада ҳарбий қисмга боришдан аввал тест топширгани ҳақида айтган.

Арманистон бош вазири яқин вақтлар ичида уйидан чиқмаслигини маълум қилган. Унинг оила аъзолари ҳам касалликка чалинган. Уларнинг барчасида ҳеч қандай ташқи белгилар кузатилмаган.

«Ҳозир биз ҳаммамиз ўзимизни иҳоталадик. Мен уйдан туриб ишлайман. Бу ерда барча қулайликлар муҳайё», деган арман ҳукумати раҳбари.

Пашинян вирусни зиёфатлардан бири вақтида официантдан юқтириб олганини тахмин қилмоқда.

«Мен у қўлқопсиз ишлаётганини пайқагандим, унга танбеҳ бергандим, аммо у доимо қўлқопсиз ишлаб келганини билмагандим. У ҳам коронавирусдан зарарланган», деган бош вазир.

Бугун, 1 июнь куни у 45 ёшга тўлди.

Арманистондаги вазият

Май ойи охирида Пашинян Арманистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этаётгани ва республикада «итальянча сценарий» рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирганди. «Ҳар бир миллион кишига касалланиш ҳолатлари сони бўйича биз Эрон ва Франция кўрсаткичларини ортда қолдирдик, Россия билан тенглашдик ва шу темпда давом этса Италияга ҳам етиб оламиз», - дея қайд этганди бош вазир. Ўшанда Пашинян Арманистонда коронавируснинг иккинчи тўлқинини бошлангани ҳақида гапирганди.

Республикада 13 июнга қадар фавқулодда вазият режими амал қилади. Шу билан биргаликда, иқтисодий фаолиятга тақиқларнинг айримлари бекор қилинган, мамлакатда корхоналар ишлай бошлаган, жамоат транспортига ҳам рухсат берилган, чекловлар фақат таълим муассасалари учун сақлаб қолинган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Арманистонда шу вақтгача 9282 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, беморларнинг 131 нафари вафот этган.

Коронавирус ва сиёсат

Шу вақтгача Россия ва Буюк Британия бош вазирлари Михаил Мишустин ва Борис Жонсон, шунингдек, Британия тахти вориси шаҳзода Чарльз коронавирусдан касалланганди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам вирусдан зарарланган. Айни вақтда у шифохонадан тузалиб чиққан.

Шунингдек, Россиянинг Тува ўлкаси раҳбар Шолбан Кара-Оол ва Удмуртия губернатори Александр Бречалов, Россиянинг бир қанча федерал вазирлари - маданият вазири Ольга Любимовой, қурилиш вазири Владимир Якушева ва таълим вазири Валерия Фалькова ҳам касалликка чалинган.
 

Мавзуга оид