– Шерзод ака, мана онлайн дарслар ҳам якунланди, дастлабки хулосаларнинг айни вақти. Нималар устида ишлаш керак, деган фикрга келдингиз?

– Карантин эълон қилинганидан кейин қисқа вақт ичида ўқувчилар учун видеодарслар тайёрлаш жараёни бошланди. Бу ўқитувчилар ва телевидение ходимлари учун янгилик бўлгани учун баъзи қийинчиликларга дуч келдик. Албатта, улар босқичма-босқич бартараф этилди. Энг асосий эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат – бу ўқитувчиларнинг теледарслар учун ишлаш кўникмасини шакллантириш зарурати бўлди. Камера олдида ишлаш кўникмаси педагогларга дарсларни янада ҳаяжонсиз ва қизиқроқ ўтиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, ўқитувчиларимиз ўз устиларида ишлашлари ва малакаларини ошириб бориши муҳимлигини яна бир марта англадик.

– Давлат раҳбари Сергелида фойдаланишга топширилган таълим масканларида бўлди. Айтинг-чи, мактабнинг аввалги лойиҳалардан фарқи қандай?

– Мустақиллик даврида мамлакатимизда қурилган энг катта мактабларнинг қуввати 700 ўқувчига мўлжалланган. Пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилган мактаб эса 1680 нафар ўқувчини ўз бағрига олади. Яъни бу мактаб мамлакатимиз мустақиллиги даврида қурилган энг катта мактабдир.

Мазкур туманда бундай мактаблардан 4таси фойдаланишга топширилмоқда.

Мамлакатимизда кўплаб янги уйлар қурилмоқда, массивлар ташкил этилмоқда. Уй-жой қурилиши билан бу массивларда ижтимоий объектлар, жумладан мактабларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Халқ таълими вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда замонавий мактабларнинг бир неча лойиҳаларини ишлаб чиқди. Яқин вақт ичида мазкур лойиҳалар асосида мамлакатимиздаги мактаблар босқичма-босқич таъмирланади ва қурилади.

– Бу лойиҳаларнинг афзалликлари нимада?

– Бу лойиҳаларда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилади. Мисол учун, чироқлар одам ҳаракатига қараб ёнади ва ўчади. Мактаб тўрт қаватли, бир қават қўшиш ҳисобига мактаб қуввати 430 ўринга кўпайди.

Бу ерда болаларни касбга йўналтириш, ҳунарга ўргатиш хоналари ташкил этилган. Керакли жиҳоз, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, мато ва материаллар билан таъминланган.

Мактаб битирувчиларининг бир қисми олий ўқув юртларида таҳсил олишни давом эттиради. Қолганлари эса меҳнат бозорига кириши керак. Шу туфайли мактаб давридан бошлаб фарзандларимизга касб ва ҳунар ўргатишимиз, жумладан интернет тармоғи орқали хизмат кўрсатиш имкониятини яратишимиз керак. Замонавий мактаб лойиҳаларида ҳам бу масалага катта аҳамият берилади.