Тошкентда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланган шахс устидан суд ҳукми ўқилди
2 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида рухсатсиз психотроп моддаларини сақлаш ва сотишда айбланган фуқарога суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳукми билан фуқаро Б.К.га Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд ҳукми олдидан судланувчи Б.К.дан сўнгги сўз сўралганда, қилган ишидан пушаймонлиги, у савдоси билан шуғулланиб келган бир неча турдаги психотроп дори воситаларининг лицензиясиз савдоси учун жавобгарлик белгиланганини билмаганини таъкидлади.
Суд жараёнида иштирок этган Kun.uz мухбири суд ҳукми ўқилганидан сўнг маҳкум билан суҳбатлашди.
«Суд шароитимга қараб енгилроқ жазо берса бўлар эди. Аёлим уй бекаси, иккита вояга етмаган фарзандим бор. Улар энди қаровсиз қолади. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони берганда яхши бўларди, чунки давлатга ҳам фойда бўларди. Ўзим ҳам оила даврасида бўлар эдим. Бола-чақамга энди ким қарайди? Ўзингиз биласиз, кўчада аҳвол қандай. Тўловлар, кийинтириш керак, ўқитиш керак... Буларнинг ҳаммаси эркак кишинг вазифаси. Шу нарса йўқ бўлди ҳозир. Шунинг учун ҳукмдан рози эмасман.
Қамоқдан ташқаридаги ҳар қандай жазога розиман. Фақат оилам даврасида бўлсам бўлди. Қилган ишимдан пушаймонман», – деди маҳкум.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситаларининг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Мавзуга оид
13:07 / 27.11.2024
Рақамли далилларни судга тақдим этиш тартиби тасдиқланди
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024