Жамият | 10:16 / 04.06.2020
5920
2 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига огоҳнома киритилди 

4 208 нафар тадбиркорга бугунги кунга қадар тўланмаган 145,5 млрд. сўм асосий қарздорлик ва ушбу қарздорликка нисбатан ҳисобланган 3,7 млрд. сўм қийматидаги пенялар мавжудлиги аниқланди.

Бизнес-омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига огоҳнома киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон фармонлари билан берилган имтиёзлар коронавирус пандемияси даврида давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолати тизимли равишда ўрганилмоқда.

Ушбу фармонлар билан тадбиркорлик субъектларини фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар тўхтатилиши белгиланган.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида, 4 208 нафар тадбиркорларга бугунги кунга қадар тўланмаган 145,5 млрд. сўм асосий қарздорлик ва ушбу қарздорликка нисбатан ҳисобланган 3,7 млрд. сўм қийматидаги пенялар мавжудлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига огоҳнома киритилди. Натижада Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда таъсирчан солиқ қўллаш натижасида тадбиркорларнинг банк ҳисобварақаларига қўйилган инкассо топшириқномалари чақиртириб олинди ҳамда мазкур турда чиқарилган суд қарорлари ижросини 2020 йил 31 декабрга қадар тўхтатиш тўғрисида судларга илтимосномалар киритилди.

Мавзуга оид