Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2020 йил бошида 55та мактаб аттестациядан ўта олмади – Таълим инспекцияси
Таълим инспекцияси томонидан ўтказилган аттестация натижаларига кўра, ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Андижон вилоятида 68 фоизни, Сирдарё вилоятида 67 фоизни, Наманган вилоятида 66 фоизни, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 65 фоизни ташкил этади.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2020 йил март ойи ярмига қадар аттестациядан ўтказилган мактаблар бўйича таҳлилларни эълон қилди.
Инспекция матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2020 йилда 858та мактаб аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 803таси, яъни 93,5 фоизи аккредитацияланди. Қолган 6,5 фоизи – 55та мактаб эса аттестациядан ўта олмаган.
«Аттестация давомида битирувчи ўқувчилардан назорат ишлари олинди, шунингдек, педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида мактаб фаолиятини баҳолаш бўйича сўровномалар ўтказилди. 12708 нафар ўқитувчиларнинг дарс машғулотлари таҳлил қилинди», дея хабар қилмоқда Таълим инспекцияси.
Дарс таҳлили натижаларига кўра, фаолияти ўрганилган ўқитувчиларнинг 1527 нафари (12 фоизи) дарс жараёнида ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланмаган. Уларнинг 890 нафари (7 фоизи) дарс жараёнини ҳаётга боғлаган ҳолда ташкил этмаган, 763 нафари эса (6 фоизи) дарс жараёнида ўқувчиларнинг фаол иштирок этишига эриша олмаган.
Шунингдек, ташқи аттестациядан ўтказилган 858та мактабдан 257тасида физика, 343тасида кимё-биология лаборатория хоналари талаб даражасида эмас. Назорат иши олинган 858та мактабдан 230тасида кимё фанидан, 218тасида физика фанидан бирорта ҳам ўқувчи «аъло»га баҳоланмаган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Андижон вилоятида 68 фоизни, Сирдарё вилоятида 67 фоизни, Наманган вилоятида 66 фоизни, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 65 фоизни ташкил этади, деб топилган.
Ташқи аттестациядан ўтказилган 858та мактабда ишлайдиган 32 041 нафар педагогларнинг 27 936 нафари олий, 4 105 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардан иборат. Олий маълумотли ўқитувчиларнинг фақат 3,6 фоизи – 1 024 нафари олий тоифага, 15,7 фоизи, яъни 4 376 нафари биринчи тоифага, 30,7 фоизи, (8 551 нафари) иккинчи тоифага мансуб. Қолган 50 фоиз таркиб эса малака тоифасига эга бўлмаган мутахассислардан иборат.
«Таҳлил натижаларига асосланиб, инспекция томонидан аттестациядан ўтмаган мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Халқ таълими вазирлигига 3та тақдимнома киритилди.
Аттестациядан ўтмаган мактабларга кўриладиган чоралар ҳақида карантин амал қилиш муддати тугагандан сўнг 1 ҳафта ичида маълумот берилиши зарур», дея хабар қилмоқда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси.
Маълумот учун: «Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилоти «аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилса:
- давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаси раҳбари ва раҳбари ўринбосарларининг малакаси етарли эмас деб топилади ҳамда иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади;
- давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасидаги фаолиятига бир йил тўлмаган раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари мажбурий равишда навбатдан ташқари малака оширишга юборилиб, давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаси бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади ҳамда давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаси унинг натижаларига кўра аттестациядан ўтмаган тақдирда, раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади.
Мавзуга оид
14:10 / 20.02.2025
Ўқувчиларни тартибга чақирган “зўравон раис” — Қозирободдаги мактабда ўзи нима бўлди?
18:06 / 19.02.2025
Номаълум шахс Тошкентдаги 71-мактабда «қирғин» уюштириш билан таҳдид қилди
15:15 / 14.02.2025
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан инклюзив мактаб ташкил этилади
14:01 / 13.02.2025