Ўзбекистон | 14:03 / 05.06.2020
15090
4 дақиқада ўқилади

Жойларда ҳалигача тендер танловлари ўтказмасдан, лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишлар қилинмоқда – молия вазири

Молия вазири Тимур Ишметовнинг айтишича, президент қарори билан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган объектларда лойиҳа-смета ҳужжатларисиз ёки тендер танловлари ўтказмасдан қурилиш ишларини бошлаш тақиқланган бўлса-да, жойларда қонунбузарликлар давом этмоқда. У бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокамаси чоғида маълум қилди.

“2020 йилнинг ўзида 2 та қарор қабул қилинган. Масалан, январь ойида қурилишда айнан мана шу масаланинг олдини олиш бўйича президент қарори қабул қилинган. Унда аниқ-равшан белгиланганки, бундан буёғига молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган объектларда ёки тендер танловлари ўтказмасдан қурилиш ишларини бошлаш, лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишни молиялаштириш тақиқланган. Қурилиш соҳасидаги аксарият камчиликларни қарайдиган бўлсак, айнан мана шу белгиланган меъёрларнинг бузилиши оқибатида келиб чиқаётган камчиликлар ҳисобланади.

Аксарият ҳолатларда ҳали тендер, лойиҳа-смета ҳужжатлари у ёқда турсин, молиявий манбаси аниқ бўлмай туриб қурилиш ишлари бошлаб юборилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар тизимида ҳам шу аҳвол. Битта мисол келтираман, яқинда президентимиз ташрифи муносабати билан Андижонга борганимизда битта туман ҳокими бизга мурожаат қилиб, бошлаб қўйилган қурилишнинг пулини тўлай олмаётганини айтиб, 80 млрд сўмлик қўшимча маблағ топиб беришда ёрдам сўради.

Туман ҳокимининг айтишича, қаердадир боғча қурилган, қаердадир йўл таъмирланган... Ўрганиб кўрсак, бу объектлар умуман инвестициялар дастурига киритилмаган, қурилишни молиялаштириш учун маблағ ажратилмаган. Лекин туман ҳокими тадбиркорлар билан шартномалар қилиб, молиялаштириш манбаси йўқ қурилишларни қилаверган. Дастурда кўзда тутилмагани учун мазкур қурилишларга маблағ ажратишнинг иложи йўқ”, дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Молия вазинининг таъкидлашича, мазкур вазиятда қатъий туриб қонун талабларига мувофиқ иш тутиш ҳам бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Сабаби амалдаги қонун ҳужжатлари аксар ҳолларда буюртмачилар, юқоридаги ҳолатда эса маҳаллий ҳокимлик томонидан бузилади, жабрини эса ижрочилар – оддий тадбиркорлар тортмоқда.

“Яна бир муаммо шундан иборатки, бу объектларни хусусий тадбиркорлар қуришган, ёнидан харажат қилишган, буюртмани бажариб қўйган. 80 млрд сўмни бермаслик дегани ўша тадбиркорлар пулини ололмайди, ишчиларга ойлигини тўлолмайди, солиғини тўлолмайди – масаланинг бу томониям бор. Лекин битта туманнинг 80 млрд маблағни ортиқча  ишлатиб юборишини ҳам тушуниб бўлмайди. Президентимизнинг жойларга ташрифи доирасида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларга алоҳида маблағлар ажратилган. Ўтган йили 1,2 трлн сўм бўлган бўлса, бу йил ҳар битта ҳудудга 100 млрд сўмдан қўшимча маблағлар берилади. Бу пуллар президент ташрифи доирасида берилган қўшимча топшириқларнинг ижроси учун йўналтирилади.

Энди солиштирайлик, бутун бошли ҳудуд – вилоятга давлат раҳбари 100 млрд сўм ажратаётган бир пайтда битта туман раҳбари 80 млрд сўмлик ортиқча харажат қилмоқда. Яъни ҳокимликларнинг қонунчиликка бўйсунмаслиги мана шундай оқибатларга олиб келади.

Яна бир муаммо – президент қарори билан тендерсиз, лойиҳа ҳужжатларисиз қурилишни бошлаш тақиқланган, лекин лойиҳа ҳужжати тайёр бўлмай туриб қурилиш бошланади, аксарият ҳолларда бу тезкор топшириқ, тез бажаришимиз керак деб хаспўшланади. Оқибатда ҳужжатларни топшириш, қурилишни қабул қилиб олиш пайтида муаммолар юзага келаверади”, дейди Тимур Ишметов.

 

Мавзуга оид