26 июн куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Инвестиция форуми якунлари

Давлат раҳбари асосий масалага ўтишдан аввал ўтган ҳафтадаги бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига тўхталди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар билан 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилганини таъкидлади.

"Ҳар бир келишув лойиҳага, иш ўрнига, юқори қўшилган қийматга айланиши шарт", – деди президентимиз.

Мутасаддиларга хорижий инвесторлар кўтарган 120 та таклифнинг ечими бўйича қарор киритиш топширилди.

Тўртта ташкилот қурилиш материаллари соҳасида “ақл маркази” бўлади

Ҳокимлар қайси туманида қайси тармоқни қандай ривожлантириш, нима лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази” ҳамда 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди.

Мисол учун, қурилиш материаллари тармоғига “ақл маркази” сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази ҳамда Материалшунослик институти ва Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.

Улар янги турдаги материалларга талаб, буни қоплаш учун қайси туманда нима лойиҳа қилиш, қандай технологиядан фойдаланиш, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.

Барча тармоқ раҳбарларига “ақл маркази”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини шу ёндашув асосида таҳлил қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.

Соҳада эришилган ютуқлар

Бундан 10 йил олдин маҳаллий қурилиш материаллари деганда қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилар эди. Бу нари борса қурилишда ишлатиладиган жами материалларнинг 35-40 фоизини ташкил қилган.

Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 4 мингдан ортиқ янги замонавий корхоналар ишга тушди.