Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Уйим реновацияга тушса нима бўлади?» – Энг долзарб саволларга жавоблар
Реновация ҳақидаги қонун қабул қилингач, кўпчиликни бир хил савол қийнамоқда: “агар уйим реновация ҳудудига тушса, менинг розилигимсиз бузилиши мумкинми? Компенсация қандай ҳисобланади? Уй баҳосига рози бўлмасам-чи?” Kun.uz шу каби саволларга масъул идоралар вакиллари билан ўтказилган суҳбатда жавоб излади.
Шаҳар — тирик организм. Уни тўхтатиб бўлмайди
Реновация бўйича энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири – бу жараён Тошкентни янада катта қурилиш майдонига айлантириб юбормайдими, деган хавотир ҳисобланади. “Тошкент Инвест Компанияси” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодировнинг таъкидлашича, шаҳарни ривожлантириш тирик организм билан ишлашдек мураккаб жараёндир.
“Шаҳарни ривожлантириш - бу худди анестезия қилинмаган, яъни юриб турган, ҳаракатдаги одамнинг уриб турган юрагини операция қилишдек гап. Машина двигателини ўчириб таъмирлаш мумкин, лекин тирик шаҳар организмини тўхтатиб бўлмайди. Шаҳарни ривожлантириш ўзи аслида жуда оғир ва мураккаб жараёндир. Тошкентда қурилишга бўлган бундай юқори талабнинг туб негизи эса 2017 йилда прописка тизимининг бутунлай бекор қилинганига бориб тақалади. Бу ислоҳот вилоятлардан келиб, пойтахт ривожига ҳисса қўшиш, шу ерда яшаш ва мулк сотиб олиш истагида бўлган минглаб фуқароларга йўл очди ва табиий равишда уй-жойга бўлган эҳтиёжни кескин ошириб юборди”.
Энг баҳсли норма — 80 фоиз розилик
Жамоатчиликда энг кўп муҳокама қилинаётган масала — агар мулкдорларнинг 20 фоизи реновацияга мутлақо қарши бўлса, уларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланиши.
“Биз конституцияни инсон қадрини энг олий қадрият сифатида олдикми, энди инсон қадрининг ўша конституция билан мутаносиблигини таъминлаш мақсадида унинг мулки дахлсизлигини таъминлаб беришимиз керак. Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунимизнинг 13-моддасида “реновацияда иштирок этиш фақатгина ихтиёрийлик асосида” дейилган, яъни энг асосий бизнинг фундаментал тамойилларимиздан бири сифатида ушбу қонунимизда ихтиёрийлик масаласини илгари сурдик”, - деди Адлия вазирлиги масъул ходими Нуриддин Шерматов.
Унинг таъкидлашича, агар мулкдорларнинг 80 фоизи лойиҳани қўллаб-қувватласа ҳам, қолган 20 фоизнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади. Асосий қоидага кўра, норози мулкдорларнинг мулки дахлсиз сақланади ва имкони бўлса, лойиҳа уларни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилади. Фақат давлат ва жамият эҳтиёжлари тақозо этган алоҳида ҳолларда мулк суд қарори ҳамда адолатли компенсация эвазига олиниши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, компенсация фақат уйнинг бозор қиймати билан чекланмайди. Унда ҳовлидаги кўп йиллик дарахтлар, моддий бўлмаган қадриятлар ҳамда маданий ва маънавий аҳамиятга эга омиллар ҳам инобатга олинади.
Шунингдек, қонун амалиётга татбиқ этилгач, юзага келиши мумкин бўлган низоларни ягона ёндашув асосида ҳал қилиш учун Олий суд пленумининг қўшимча тушунтиришлари қабул қилиниши кутилмоқда.
Фуқаро мустақил баҳоловчи чақириши мумкин
“Тошкент Инвест Компанияси” АЖ бошқарув раиси ўринбосарига кўра, фуқаро ўз уйининг бозор қийматини исталган мустақил баҳоловчи ташкилотга баҳолатиши мумкин.
“Қонунга кўра, уй-жойнинг бозор қийматини хусусий баҳолаш ташкилотлари аниқлайди. Агар фуқаро ташаббускор (давлат ёки инвестор) томонидан ўтказилган баҳолаш натижасидан норози бўлса, у ўзи истаган мустақил баҳолаш ташкилотини жалб қилиб, мулкини қайта баҳолатиш ҳуқуқига эга. Агар мустақил баҳоловчи томонидан аниқланган қиймат юқорироқ чиқса, амалдаги қонунчиликка кўра, ташаббускор ушбу баҳолаш натижасини инобатга олиши ва компенсацияни шу қийматдан келиб чиқиб белгилаши лозим. Шу тариқа фуқароларнинг мулки бозор қийматида баҳоланиши ва уларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши кўзда тутилган”.
Реновация ҳақидаги барча маълумотлар ягона платформада жойлаштирилади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош юрисконсульти Абдували Мухторов янги қонунда яна бир муҳим янгилик – “Шаҳарсозлик реновацияси” платформаси ташкил этилиши назарда тутилганини маълум қилди.
“Аҳоли учун яна бир муҳим қулайлик шундаки, бу қонунда Шаҳарсозлик реновацияси платформасини ишга тушириш назарда тутилган. Ушбу платформада амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳар бир реновация ҳудуди бўйича батафсил маълумотлар жойлаштирилади. Хусусан, реновация ташаббускори кимлиги, лойиҳа ким томонидан амалга оширилаётгани, ҳудудда қандай қурилишлар олиб борилиши ва қайси объектлар қурилиши режалаштирилгани очиқ ва шаффоф тарзда эълон қилинади. Бу эса жамоатчилик назоратини кучайтириш, реновация жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ушбу платформадаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишдаги амалий кўмаги ҳам муҳим аҳамият касб этади”.
Суҳбат давомида фуқаролардан келган қатор амалий саволларга жавоб бор. Хусусан, реновацияга тушган уйда қолишни истаган мулкдорларнинг ҳуқуқлари, отаси номига расмийлаштирилган уйда фарзандлари яшаб келаётган ҳолатлар, шунингдек, йиллар давомида эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган ҳовли қисмининг “қизил чизиқ”дан ташқарида қолиши каби вазиятларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Суҳбатнинг тўлиқ видеосини Kun.uz’нинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
10:20
Андижонда давлат захирасидаги ерни 160 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди
10:16 / 02.07.2026
“Янги уйда яшашни ҳамма хоҳлайди” - тошкентликлар реновацияга қандай фикрда?
11:58 / 01.07.2026
Кўп квартирали уйларда яшовчилар сони аввал айтилган расмий рақамлардан анча камлиги маълум бўлди
09:00 / 01.07.2026