Ўзбекистон | 12:27 / 05.06.2020
46316
1 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди

Бугун Ўзбекистон ҳудудидан булут массивлари ўтиши кутилмоқда, шу сабабли тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида шамолнинг шиддати секундига 23-28 метргача етиши мумкин, деб ёзмоқда «Ўзгидромет».

Ҳарорат фони 35-40 даража атрофида бўлади, мамлакат жануби ва чўл зонасида айрим жойларда 42 даражагача бўлиши мумкин. Бундай ҳарорат бугунги кун меъёрий кўрсаткичларидан 5-7 даражага юқоридир.

Дам олиш кунларида Қозоғистон ҳудудидан салқин ҳаво кириб, иссиқ бироз чекинади ва ниҳоят ҳарорат кўрсаткичлари меъёрда - кечаси 17-22 даража, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади. 

Республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги кучайиши, шиддати 17-22 м/с га етиши мумкин. 6 ва 7 июнь кунлари мамлакатимизнинг тоғли туманларидагина ёмғир ёғиш эҳтимоли бор.

Мавзуга оид