Ўзбекистон | 12:22 / 06.06.2020
6310
3 дақиқада ўқилади

Солиқ хизматларини ягона портал орқали амалга ошириш имконияти яратилди

Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz порталида орқали 20та интерактив, 25та ахборот хизматларидан фойдаланиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлаш мумкин.

Порталда жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида “шахсий кабинет” очилган бўлиб, уларга тааллуқли хизматлар махсус бўлимларга жойлаштирилган. Портал орқали солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва солиқ декларациялари, мурожаатларни юбориш мумкин.

Юридик шахслар солиқ тўловларини амалга ошираётганда тўлов топшириқноманинг рақами ва суммасидан бошқа барча маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг базасида автоматик тарзда шаклланади. Шундан сўнг солиқ тўловчи солиқ турини танлаши ва тўлов суммасини кўрсатиши керак. «Тўлаш» тугмаси жараёнга якун ясайди. Корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси Давлат солиқ қўмитаси базасига келиб тушади ва ўша пайтнинг ўзида Марказий банкка етказилади. Тўлов топшириқнома Марказий банк орқали тижорат банкларига юборилади ва тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади. Буларнинг барчаси тўғридан-тўғри, автоматик тарзда амалга ошади. Агар ҳисоб-рақамда пул миқдори етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси

2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади. Бу билан солиқ инспектори томонидан солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномалари қўйилишининг олдини олади.

Жисмоний шахслар ҳам портал ёрдамида даромад солиғи, ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаши ва тўлаши мумкин. “Жисмоний шахснинг солиқлари бўйича маслаҳатчи“ бўлими уларни солиқ соҳасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга оид маълумотлар, янгиликлар билан таништириб боради.

Солиқ тўловчилар солиқ қарзи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлиш учун давлат солиқ хизмати органларига бориши шарт эмас, бу ҳужжатни айнан мана шу порталдан олиш мумкин.

Порталда 14 турдаги электрон маълумотномани мустақил равишда шакллантириб, чоп этиб олса бўлади. Улар ўзининг уникал рақамига эга бўлиб, корхона ва ташкилотларга тақдим этилганда солиқ органларининг маълумотлар базасидан ҳақиқийлигини тўғридан-тўғри текшириб олиш имконияти мавжуд.

my.soliq.uz’даги барча интерфаол хизматлар “SOLIQ” мобил иловасида ҳам жамланган. Мобил илова GooglePlay’да жойлаштирилган. Уни юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги ҳаволадан фойдаланиш мумкин.

Мавзуга оид