Ўзбекистон | 18:10 / 07.06.2020
14970
1 дақиқада ўқилади

Болага мактабда кўрсатилаётган муносабат ундаги тадбиркорликни сўндирмоқда — вазир

Ўзбекистон мактабларидаги тизим болалардаги тадбиркорлик ҳисси сўнишига сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Бугун тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида гапиряпмиз. Бизда азалдан мактаб фаолияти болаларда тадбиркорликни сўндиришга қаратилган. Фақат «жим ўтир», «ҳаракат қилма»... Хато қилишга қўрқасан...

Тадбиркор бўлиш учун хато қилишдан қўрқмаслик керак, ўзига ишонч ортиши керак», – деди Шерматов Халқаро пресс-клубнинг 7 июнь куни Фарғонада бўлиб ўтган сессиясида.

Вазир айни шу жиҳатни ҳам ҳисобга олган ҳолда тарбия фани мактаб дастурига киритилаётганини таъкидлади.

«Бу фанда ўқувчида мустақил характерни тарбиялаш масаласи қўйилади. Болаларнинг ўзида ишонч пайдо бўлиши, хато қилишдан қўрқмаслигига ҳаракат қилинади, тадбиркорлик қилиш масалалари ўргатилади.

Ўйлайманки, бу билан бир қаторда чет тилини яхши ўқитганимиздан кейин болалардан тадбиркорлар чиқади», – дея Шерзод Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид