Жамият | 16:27 / 07.06.2020
4382
2 дақиқада ўқилади

Фарғонанинг 4 туманида айрим ҳудудлар илк марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланади - Вазир

Фарғона вилоятида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 85 фоизни ташкил этади. Бу йил Риштон, Қува, Бешариқ ва Учкўприк туманларида айрим ҳудудлар аҳолиси илк марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев маълум қилди.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Фарғона вилоятини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида қилиниши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Музаффар Солиевнинг маълум қилишича, Фарғона вилоятида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 85 фоизни ташкил этади. Яъни, вилоятда истиқомат қилувчи 3 миллион 700 минг аҳолининг 3 миллион 100 минг нафарида марказлашган тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкони бор.

«Бу кўрсаткич республика миқёсида юқори даража ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамасдан марказлашган тизим тармоқлари таъмирталаблик ҳолатлари бор.

Сўнгги 3 йил давомида, 2020 йил 1 январь ҳолатигача Фарғона вилоятида ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш учун 300 миллиард сўм ажратилган. 2020 йилда эса 94 миллиард сўм пул ажратилиши мўлжалланган», деди вазир.

Унинг таъкидлашича, ажратилган маблағ доирасида Қўқон шаҳрида 8 минг, Марғилон шаҳрида 35 минг аҳолининг марказлашган сув таъминоти яхшиланади. Риштонда 2300 нафар, Қува туманида 1500 нафар кишига илк бор марказлашган сув таъминоти етказилади.

Бундан ташқари, Бешариқ ва Учкўприк туманларида ҳам айрим ҳудудлар илк марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.

«Фарғона вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ энг катта муаммо сув таркибида қаттиқлик даражасининг ошиб кетгани билан боғлиқ. Сувни юмшатиш ва унинг таркибини яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланган.

Шунингдек, қиймати 151 миллион долларга тенг яна бир катта лойиҳа Фарғона вилоятининг 14та тумани марказини канализация-оқова тизимини таъминлашга мўлжалланган», дея маълумот берди Музаффар Солиев.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид