Жаҳон | 20:20 / 08.06.2020
6748
2 дақиқада ўқилади

Мэнни Пакьяо Филиппин президенти лавозими учун курашиш истагини билдирди

Филиппинлик машҳур боксчи, ярим ўрта вазнда WBA талқини бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Мэнни Пакьяо 2022 йилда Филиппин президенти лавозими учун курашмоқчи. Бу ҳақда боксчининг собиқ промоутери Боб Арум маълум қилди.

Фото: Twitter

“Жангчилардан биринчи президент Пакьяо бўлади. Биз у билан телефон орқали суҳбатлашдик ва у менга қуйидагиларни айтди: “Боб, мен 2022 йилда президентлик учун курашишга қарор қилдим. Сайловларда ғалаба қозонганимда, сен менинг инаугурациямда бўлишингни истайман”, деб маълум қилган Арум Sun нашрига.  

Филиппиннинг амалдаги президенти Родриго Дутерте 2016 йил 30 июндан бери ушбу лавозимни эгаллаб келади. Мамлакатда навбатдаги президентлик сайловлари 2022 йил 9 майга белгиланган.

Пакьяо 2009 йилдан бери сиёсатда бўлиб, дастлаб Филиппин парламенти вакиллар палатаси аъзоси бўлган, 2016 йилда эса 16 млн овоз билан сенаторга айланган. Унинг сенатдаги ваколатлари 2022 йилда ўз ниҳоясига етади.

Филиппинлик 8 та турли вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган тарихдаги ягона боксчи ҳисобланади. У 2019 йил 20 июлда ўтган ўзининг сўнгги жангида америкалик Кит Турманни мағлуб этган. Умуман олганда, филиппинлик супербоксчининг ҳисобида 62 та ғалаба, 7 та мағлубият ва 2 та дуранг натижа бор.

Мавзуга оид