Экология муаммолари ва пандемия: ижобий таъсир вақтинчалик холос
Пандемия бошланиши шаҳарларда ҳаво ифлосланиши камайиши ва мусаффо осмондан дарак бергандай бўлди. Ҳайвонлар жамоат жойларига жуда яқин келди, қушлар овози эшитила бошлади ва бизга табиат ифлосланиши қисқараётгандек туюлди. Аммо Жаҳон иқтисоди форуми сайтидаги мақолада айтилишича, буларнинг ҳаммаси – жуда арзимас ва вақтинчалик ўзгаришлардан иборат.
Коронавирус пандемияси, афсуски, иқлим муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бера олмайди. Дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйган пандемия иқлим муаммоларини ҳал қилиш учун иқтисод ва турмуш тарзимизда қилиниши керак бўлган ўзгаришларни англай олишимиз учун вазиятга фақат бир лаҳза нигоҳ солишимизга ёрдам берди.
Оний ўзгаришлар яққол кузатилаётгани шубҳасиз. Масалан, Шарқий Англия ва Стенфорд университети олимлари томонидан олиб борилган янги «Иқлим ўзгаришлари» таҳлиллари глобал миқёсда кунлик карбонат ангидрид ажралиб чиқиш миқдори 2020 йилнинг апрель ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга камроқ бўлганини кўрсатди.
Худди шунингдек, Халқаро Энергетика Агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи 3 ойида иссиқхона газларининг асосини ташкил қилувчи карбонат ангидрид эмиссияси фоизи ўтган йилгига нисбатан 5 баравар кам бўлган.
Бироқ қисқа ва узоқ муддатли кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилади. Бир неча ойгина самолётда учишдан, машина минишдан тийилиб туриш иқлим билан курашда узоқ муддатли натижаларга эришишга ёрдам бера олмайди.
Иқлим ўзгариши атмосферада иссиқхона газлари концентрацияси ошишига сабаб бўлади. Карантин чекловлари туфайли кўплаб ҳудудларда ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи пасайгани кўринди. Бироқ бу атмосферада ҳануз ошиб бораётган иссиқхона газлари концентрациясини қисқартириш учун ёрдам бера олмайди. Чунки газ молекулалари атмосферада жуда узоқ муддат туриб қолади, масалан, метан 12 йил, карбонат ангидрид эса 200 йилгача сақланиб қолади.
Иқлим ўзгаришлари тадқиқотида агар 2020 йил охиригача карантин чекловлари сақлаб қолинадиган бўлса, йиллик эмиссия кўрсаткичи 7,5 фоизгача қисқариши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Агар бу қисқариш доим шу тахлитда сақланиб қоладиган бўлса, иқлим учун жуда катта янгилик бўлар эди.
Париж келишувининг иқлим исишини ҳар йили 1,5 градусдан оширмаслик шартини бажариш учун ҳам глобал карбонат ангидрид эмиссиясининг йиллик қисқариши 2020-2030 йиллар оралиғида 7,6 фоизгача бўлиши керак.
Бироқ бу йилги эмиссия қисқариши кўрсаткичи узоқ давом этмайди. Карантин тугаб, одамлар ишга қайта бошлагач, эмиссия кўрсаткичи ҳам ўсади. Бу каби ҳолат олдинги инқирозлардан кейин ҳам, жумладан, 2008 йилги инқироздан сўнг ҳам кузатилган.
Табиатга оид яна бир муаммо ўрмонларда содир бўлмоқда. БМТ расмийси берган маълумотга кўра, айни пайтда ўрмонлар пандемия туфайли қисқариб кетиш хавфи остида турибди.
Миллионлаб камбағал одамлар шаҳардаги ишидан айрилиб, қишлоққа – уйларига қайтишган. «Улар учун асосий хавфсизлик сув, ер ва ўрмонлар билан боғлиқ бўлмоқда», – дейди БМТнинг FAO ташкилоти ўрмон хўжалиги бошқармаси директори Метте Уилки.
Унинг маълум қилишича, ҳозирги вазият дарахтларнинг ўтин сифатида овқат тайёрлаш учун ишлатилиш эҳтимолини ошириб юбормоқда. Чунки дунёдаги ҳар учинчи одам ҳамон ўтин оловида овқат пиширади.
Шунинг учун FAO ва БМТнинг Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастури дунё ўрмонларининг 2020 йилги ҳолати бўйича айрим эътиборли жиҳатларни маълум қилди.
– Ўрмонлар инсон эҳтиёжларини қондириш учун зарурий воситаларни етказиб беради. Чучук сувнинг тўртдан уч қисми ўрмонларда ишлаб чиқарилади. Глобал озиқ-овқатнинг 35 фоизи эса ўрмон чанглатувчиларининг ёрдами билан етиштирилади;
– Дунё бўйича 1 миллиард одам ёввойи ҳолда етиштириладиган маҳсулотларга, 2,4 миллиард одам овқат пишириш учун ўтинга муҳтож. Ҳар 10 одамнинг 9 нафари эса қашшоқлик туфайли ўрмонларни тирикчилик манбайининг бир бўлаги деб билади.
– Халқаро миқёсда ўрмонларнинг атиги 18 фоизи ҳимоя қилинади. Умумий ҳисобда эса биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш учун табиий захиралар етарли эмас. Ўрмонларнинг кичрайиб бориши ҳайвон турларининг миграциясини қийинлаштириб юбормоқда ва улар иқлим ўзгаришларига нисбатан чидамсиз бўлиб қолишмоқда», – дейилади ташкилотларнинг ўрмонлар ҳолати ҳақидаги ҳисоботда.
Мавзуга оид
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
10:56 / 03.11.2024