Ўзбекистон | 22:12 / 09.06.2020
34720
2 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегация Боткен вилояти губернатори билан учрашув ўтказди

Қирғизистон делегацияси аъзолари улар томонидан мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини таъкидлади.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бугун, 9 июнь куни Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти раҳбарияти ташаббуси билан унинг ҳудудида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Боткен вилояти губернатори Алишер Абдураҳмонов  ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда шунингдек, чегара қўшинлари, хавфсизлик хизмати, ички ишлар, божхона бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда вилоят прокурорлари, Қирғизистон Республикаси ҳукумати аъзолари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг олий даражадаги учрашувларида эришилган ўзаро дўстона, стратегик ҳамкорлик келишувлари ўз кучида қолиши ва бундан буён ҳам унда белгиланган вазифалар ижроси изчил равишда амалга оширилиши таъкидланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

“Ўз навбатида трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамда яйловлардан фойдаланишда амалдаги қонунчилик меъёрларидан ташқари бағрикенглик ва азалий дўстона муносабатларга асосланади.

Қирғизистон делегацияси аъзолари улар томонидан мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини, бу ҳудудларга озиқ-овқат, халқ истеъмоли ва қурилиш моллари етказувчи юк машиналарининг ҳаракати асло чегараланмаслигини алоҳида урғуладилар”, дейилади хабарда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Музокаралар чоғида ҳар икки томон вакиллари яқинда бўлиб ўтган Сўх туманидаги кўнгилсизликлар Ўзбекистон ва Қирғизистон, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасидаги дўстона муносабатларга асло путур етказмаслигини қайд этди.

Шунингдек, томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ҳамфикр эканликларини билдириб, бир қатор келишувларга эришди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид