Ўзбекистон | 20:13 / 14.02.2025
22418
6 дақиқада ўқилади

Фермерлар минимал нархда шартнома тузишга мажбурланяпти. Соҳадаги ислоҳот қаршиликка учрамоқда

Январ ойида фермерларга кластерларни эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Февралда эса кооперативлар тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Лекин бу ҳужжатларда ёзилган эркинликлар фермерлар учун амалда орзулигича қолмоқда.

2025 йил 17 январ куни имзоланган президент фармони билан, пахта етиштирувчиларга ҳудудий миқёсдаги харидорларни эркин танлаш ҳуқуқи берилди. Унга кўра, фючерс шартномалари 1 ноябрдан 1 июнгача бўлган муддатда тузилади. Бу вақт давомида кластерлар белгиланган минимал миқдордан паст бўлмаган нарх таклифини биржага жойлайди, фермерлар эса ўзига маъқул таклифни танлаб, шартнома тузади.

Фармонда пахтани ўз ҳисобидан етиштирганларга субсидия ажратилиши ҳам белгиланган. Ўз ҳисобидан етиштирмоқчи бўлган фермерлар, масалан, кооперативга бирлашиши мумкин. Куни кеча, 2025 йил 12 февралдан эътиборан “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Пахтачиликда бозор механизмларини жорий этишга қаратилган бу ҳаракатларни фермер ва деҳқонлар, иқтисодчилар, жамоатчилик фаоллари ижобий қарши олди. Аммо янги белгиланган ўйин қоидаларининг амалда ишлаб кетиши осон кечмаяпти.

Kun.uz'га маълум бўлишича, республика бўйлаб фермерларни биржадаги бошланғич нархга рози бўлган ҳолда маҳаллий кластерлар билан фючерс шартномалари имзолашга мажбурлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим туманларда масъуллар фермерларнинг биржа платформасига кириш логин-паролларини олиб қўйиб, уларнинг номидан шартномалар тузаётгани айтиляпти.

Фючерс шартномасини айнан ҳозир имзолашни истамаган фермерлар босимга учрамоқда. Фармонда фючерс битимлари 1 июнгача тузилиши белгиланганига қарамай, пахта етиштирувчилар тезроқ шартнома қилишга мажбурланмоқда. Ўз навбатида, Kun.uz манбаси тақдим этган видеода, соҳа раҳбари Шуҳрат Ғаниев шартномалар тезроқ тузилиши учун селекторда маҳаллий амалдорларни шошираётганини кўриш мумкин.

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатлардан бири – Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан. Мурожаат қилган 11 нафар фермер яқинда чиққан қонунга мувофиқ қишлоқ хўжалиги кооперативини тузишган – ўз шахсий маблағларига пахта етиштириш учун. Аммо уларни кластер билан пахта етиштиришга мажбурлашяпти.

Кўп йиллардан бери фермермиз: Деновда, кейин Қумқўрғонда фермерлик қилдик. Кейин кластерга ўтказишди, кластер пулимизни бермай банкрот қилиб ташлади бизни. Ўтган йили президентимиз яхши қарор чиқарди – кооперативлар ҳақида, шу қарордан фойдаланиб, бир нечта фермер бирлашиб, кооператив тузишга қарор қилдик, ўз пулимизга пахта етиштириш учун. Аммо бизга тўсқинлик қилишяпти, ноқонуний босимлар остида қолдик”, – дея ҳикоя қилади қумқўрғонлик фермерлардан бири.

Ҳокимият, ички ишлар, прокуратура бизга босим қилиб, 7720 сўмдан кластер билан шартнома қилишга мажбурлашяпти. Бугун бу ишга вилоят прокуратураси ҳам аралашди. Бизларни бир хонага киргизиб, кун бўйи ушлаб ўтиришди”, – дейди бошқа бир фермер.

Kun.uz билан боғланган қумқўрғонлик фермер тумандаги аксарият пахта етиштирувчилар босимлар остида минимал нархда шартнома тузишга мажбур бўлганини айтади.

7720 сўмдан шартнома қиласанлар, пахтангни кластерга топширасан, деб босим қилиб ётишибди. 12 та фермерни бир хонага қамаб ўтиришибди кун бўйи. Ўзи туманда мажбурлов орқали шартнома тузмаган 14 та фермер қолган, қолганлари тузиб бўлди мана шу минимал нархда. Келаси йил ҳамма фермер банкрот бўлади.

Кооперациянгни йиғиштир дейишяпти. Кооперациялар тўғрисидаги қонунни четга улоқтиришяпти. Нарх бизга тўғри келмайди десак, эътибор ҳам бермайди. Бизнинг молиявий аҳволимиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. 12 кундан бери мелиса ишлаяпти. Ишларни бўлиб олишган: мелиса фермерни топиб келади, прокуратура пул тўлаттиради – биржа аъзолик тўловини, парол-ключларни олиб қўйишади ва бўлажак пахтани биржага қўйишади. Зўрловга рози бўлмаган бизларни алоҳида текширишяпти, камчилик топиш учун”, – дейди у.

Бизга келиб тушган видеода Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилишида қуйидагиларни айтади:

Пахта хомашёси учун шартномаларни тузиб қўйсак, аванс чиқади. Аванс қачон келади? Шартномани тузиш керак! Ўтган йили оғир бўлди, шартнома тузилмасдан. Бу йил шартномани тузиб қўй! Туманда пахта 30 минг тонна бўлса, 35 минг тоннага тузиб қўй. Самарқандда, Шунқор Фармонович, 261 мингдан 115 минг бўлибди биржага юборилган тонна бор-йўғи. Нима муаммоси бор? Буни ҳеч қанақа спот қилманглар. Маблағ керакми, фючерс тузсин”, – дейди Ғаниев.

Бу ўринда савол туғилади: Ғаниевнинг мақсади ислоҳотларни, соҳани бозор релсига ўтказиш жараёнини дискредитация қилиш, фойдасиз қилиб кўрсатиш ва эски ҳолига қайтаришми? Фермерни қачон тинч қўямиз?

Нега бу ҳақда гапириш муҳим? Чунки қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистоннинг энг муҳим иқтисодий-ижтимоий тармоқларидан бири. Соҳани тўғри ислоҳ қилиш минглаб эмас, миллионлаб одамларнинг ҳаётига ижобий таъсир қилади.

Наҳот ислоҳотга тўсиқ бўлаётганлар тўп-тўп муаммоларни кейинги авлодга қолдираётганини, кейинги авлодни ҳам овора қилишаётганини англашмаса?

Шокир Шарипов

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди