Ўзбекистон | 10:01 / 24.10.2023
52274
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Ғаниев кластерларга фермерларнинг пахтасини сўрамасдан териб олиш “ваколати”ни берди

Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилишида теримни тугатмаган фермерларнинг “далаларига комбайн киритиб, пахтани териб олиб кетиш керак”лигини айтган. Бу топшириқ қонунларга зид.

Шуҳрат Ғаниев раислигида ўтказилган селектор йиғилишидан ёзиб олинган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда Ғаниев баъзи туман раҳбарларига топшириқ бериб, фермерларнинг далаларига комбайн киритган ҳолда пахтани териб олиб кетиш кераклигини таъкидлаган. 

“Кластернинг ўзи териб кетсин: майли, фермердан сотиб олмасин (пахтани), ўзи териб, ўзи олиб кетсин. Фермерга қараб ўтирмасин, машинани солиб, териб олиб кетаверсин.

Сирдарёликлар билан гаплашдим, 50та машина олиб келамиз дейишди. Тошкент вилоятига олиб кирган жойингда пахтани териб кетаверасан дедим. Бўпти дейишди. Фермер менинг пахтамни териб кетдинг, дея олмайди. Кластер берган маблағ, кластер берган ўғит, кластер берган чигит. Фермер нима деган тақдирда ҳам кластер ноқонуний иш қилмаган бўлади. Қолаверса фермернинг қарздорлиги бор, уни узиш керак. Ҳар томонлама ҳисоб-китоб бор”, деган Шуҳрат Ғаниев.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра фермер етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Мазкур қонуннинг 22-моддасига кўра эса фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Kun.uz мухбири мутахассислар билан боғланиб, вазиятга баҳо беришни сўради. Уларга кўра, айрим ҳудудларда пахта ростдан ҳам терилмай турибди. Бунинг асосий сабаби эса ўша ҳудудларда теримчи қўллар камлиги. Оқибатда терим қимматлашган, терим комбайнлари хизмати эса яхши йўлга қўйилмаган.  

Олдинроқ Kun.uz мухбири Ўзбекистонда пахтачилик ва унда бозор механизмларини жорий қилиш зарурати масаласида таҳлилчи ва амалиётчилар иштирокида суҳбат ташкил қилган эди. Суҳбатда иштирок этганлар соғлом бозор механизмлари учун кластерларга рақобатчи тизим кераклиги ва бу тизим фақат кооперативлар бўла олиши ҳақида гапиришганди.

Пахта хомашёси нархи борасидаги муҳокамалардан сўнг қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов пахта нархини эркин бозор белгилашини маълум қилди. Бунда фермер-деҳқонга ўзи етиштирган пахта хомашёсини харидор билан ўзаро келишилган нархда сотиш эркинлиги берилиши айтилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров қишлоқ хўжалиги вазирига жавобан аввал фермерларнинг эркинлигини тўла таъминлаб қўйиб, кейин бозор нархлари ҳақида жиддий гапириш мумкинлигини айтди.

Мавзуга оид