Солиқ тизимини рақамли ривожлантириш стратегияси қабул қилинди
Давлат бюджетига қўшимча тушумлар ҳажми 20 трлн. сўмгача ортиши кутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 359-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Стратегияси белгиланди.
ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, унда ДСҚ маълумотларини қайта ишлаш маркази ва телекоммуникация қурилмаларини модернизация қилиш, сервер ва дастурий таъминотлар харид қилиш, ахборот тизимлари мажмуини ягона платформага ўтказиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш тизимларини йўлга қўйиш каби вазифалар назарда тутилган. Натижада давлат бюджетига қўшимча тушумлар ҳажми 20 трлн. сўмгача ортиши кутилмоқда.
Ушбу ҳужжат тизимнинг маълумотлар алмашиш билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларини ҳал этишга қаратилган, жумладан:
мавжуд маълумотлар базаси ҳажмининг етарли эмаслиги;
серверлар хотира ҳажмининг 90 фоиз бандлиги;
электрон хизматлар сони 3,8 баробарга, ахборот тизимлар сони 2,5 баробарга ортиши натижасида корпоратив тармоқ тезлигини ошириш зарурати юзага келганлиги;
турли ахборот тизимларининг интеграциялашуви натижасида маълумотлар базасида катта юкланиш ҳосил бўлганлиги;
ягона платформа мавжуд эмаслиги.
Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш натижасида:
маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тезлиги 10 баробаргача оширилади;
маълумотлар базасидаги ахборотларни конфиденциаллигини таъминлаш даражаси 100 фоиз ошади, ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш ҳамда маълумотларни хавфсиз ва ишончли сақлаш имкониятлари кенгаяди;
маълумотлар базаси ҳажми 1 Петабайтгача етказилади.
Business Intelligence ва Big Data технологияларини жорий этиш стратегиянинг асосий вазифаларидан бири сифатида киритилган.
Мазкур технологияларнинг йўлга қўйилиши натижасида:
катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор таҳлил қилиш тизимлари кенгаяди;
хуфиёна айланмалар даражаси кескин қисқаради ва солиқ солинадиган база кенгаяди;
марказлашган тизимлар орқали шаклланган маълумотларни қайта ишлаш натижасида бозор коньюктурасини ўрганиш, товар ва хизматларнинг бозор нархларини таҳлил қилиш ҳамда прогнозлаш имконияти яратилади;
ходимларнинг 50-60 фоизида маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлади.
Солиқ органларининг ахборот тизимлари мажмуи тўлиқ ягона платформага ўтказилиши:
маълумотларни киритиш, тўплаш, таҳлил қилиш тизимларини оптималлаштиради;
маълумотлар базасидаги катта юкланишларнинг олдини олади;
солиқ тўловчиларнинг ҳисобот топшириш жараёнини 5-7 баробаргача енгиллаштиради;
инсон омили аралашувини 60 фоизга қисқартиради;
солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллашга имконият яратади.
Солиқ маъмурчилигида бизнес жараёнларни автоматлаштирилиши бизнес жараёнга сарфланган умумий вақтни 20-30 фоизга қисқартиради.
ДСҚ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегиясида назарда тутилаётган Case Management System, Case Assesment System тизимларининг яратилиши орқали солиқ аудити жараёнини автоматик тарзда қайд этиш, мониторинг қилиш, реал вақт режимида маълумот ва таҳлиллардан фойдаланиш орқали солиқ тизимини такомиллаштиришга эришилади.
Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари ва уларнинг мобил иловалари сонини кўпайтириш эса солиқ хизмати ходимлари билан муносабатларда инсон омилини 60 фоизга қисқартиради. Бу нафақат коррупциянинг олдини олади, балки қоғоз шаклидаги ҳужжат ишларини ҳам кескин камайтиради.
Ушбу қарорда давлат солиқ хизмати органларининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинув тизимлари сонини ошириш ҳам белгиланган. Бу чоралар солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари ҳисобини юритишга оид йирик ҳажмдаги ахборотларни электрон тарзда олиш, таҳлил қилиш ва солиқ солиш базасини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мавзуга оид
13:50 / 01.11.2024
"Ўзбекистон – 2030" стратегияси хитой тилида нашр этилди
07:22 / 28.08.2024
ОТБ Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик стратегиясини бошлади
10:00 / 13.05.2024
БМТ вакили: Ўзбекистоннинг наркотикларга қарши миллий стратегияси гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида «муҳим қадам»
14:52 / 22.03.2024