Жаҳон | 07:35 / 10.06.2020
5539
2 дақиқада ўқилади

БМТ глобал озиқ-овқат етишмовчилигидан огоҳлантирди

Ҳозирда дунёда 820 млн киши етарлича озиқ-овқатга эга эмас ва пандемия сабабли бу рақамлар ошиб боради. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.

Фото: Carlo Allegri / Reuters

Гутерришнинг таъкидлашича, дунё пандемия сабабли глобал озиқ-овқат етишмовчилигига тўқнаш келди.

“Агар зудлик билан чоралар кўрилмаса, озиқ-овқат билан боғлиқ глобал фавқулодда вазият юзага келиши мумкинлиги тобора аёнлашмоқда. Бу фавқулодда вазият юз миллионлаб болалар ва катталар учун узоқ давом этувчи оқибатларга эга бўлиши мумкин”, деб айтган Гутерриш.

БМТ бош котибининг айтишича, ҳозирда 820 млн киши етарли миқдорда озиқ-овқатга эга эмас ва бу рақамлар шубҳасиз ошиб боради. “Озиқ-овқат етказиш тизимларимиз жабр кўрмоқда ва коронавирус пандемияси вазиятни ёмонлаштирмоқда”, деб айтган Гутерриш.

Шу сабабли БМТ давлатларга аҳоли озиқ-овқат тизимини энг муҳим деб тан олишни ва бу соҳада ишловчи одамлар ҳимоясини таъминлашни тавсия қилмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг узлуксиз етказилишини таъминлаш учун давлатларга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, транспорт ва маҳаллий бозорларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш тавсия қилинган.

Бундан ташқари, БМТ аҳолининг энг заиф қатламлари - болалар, ҳомиладорлар ва эмизикли аёллар, кексалар озиқ-овқатга эга бўлишлари учун ижтимоий қўллаб-қувватловни кенгайтириш зарур деб ҳисобламоқда. 

Апрель охирида БМТда инсоният пандемия сабабли катта кўламли очарчиликка тўқнаш келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури мутахассислари 2020 йил охиригача 265 млн киши озиқ-овқат маҳсулотлари ўткир етишмовчилигини ҳис қилиши мумкинлигини айтишган. Дастур ижрочи директори Дэвид Бизли эса пандемияни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон гуманитар инқироз деб атаган.  

Мавзуга оид